Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят бўлими: Аттестацияда пул, таниш-билиш аралашмайди
Ҳар йили педагоглар аттестацияси арафасида турли гап-сўзлар пайдо бўлади. Яқинда бир мактабда ўқитувчилар аттестация учун 500 доллардан пул йиғаётгани қулоғимизга чалинди. Ҳамон ўқитувчилар орасида ўз билимига ишонмасдан, аттестациядан қинғир йўллар билан ўтишга уринаётганлар йўқ эмас. Балки, кимлардир алдов йўли билан ўртада пул ишлаб олмоқчидир?
Хўш, бу йилги аттестация имтиҳони қачон ва қай тарзда ўтказилади? Ростдан ҳам имтиҳонни “гаплашса” бўладими? Шу каби саволларга жавоб олиш учун таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Ғайрат Бобохоловга мурожаат этдик.
- Самарқандда педагоглар аттестацияси қачон ўтказилади? Бу йил вилоятда қанча ўқитувчи аттестациядан ўтади?
- Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сонли қарор ва низоми, таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг 2022 йил 9 мартдаги 38-сонли бўйруғи асосида Самарқанд вилоятидаги мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари ва шу таълим турлари бўйича фаолият кўрсатиб келаётган нодавлат таълим муассасаларининг олий маълумотли педагоглари аттестациядан ўтказилади.
Бу йилги малака тоифаси учун аттестация жараёнларида иштирок этишга жами 33 949 нафар талабгор онлайн тарзда мурожаат қилган. Улар 2022 йилнинг 25 мартидан 20 апрелга қадар онлайн тарзда бўлиб ўтадиган тест жараёнларида иштирок этади.
- Эшитишимизча, айрим ўқитувчилар аттестациядан ўтиш учун кимларгадир пул бериб, “гаплашаётган” эмиш. Аттестация имтиҳонлари пулликми?
- Низомга асосан аттестациянинг асосий принциплари мажбурийлик, даврийлик, ошкоралик, кенгашиб иш кўриш ҳамда холислик ҳисобланади. Шунингдек, педагогларнинг ариза топширишидан бошлаб, имтиҳон жараёнларида қатнашиши, сертификатларни олишгача бўлган даврнинг барчасида инсон омили аралашувига чек қўйилган. Имтиҳон тўлиқ онлайн режимда бир марталик тест асосида ўтказилади. Имтиҳондан яхши натижа кўрсатиш фақат педагогнинг ўзига боғлиқ. Албатта, бунинг учун ҳар бир педагог ўз фанини чуқур билиши керак.
- Аттестация саволлари қандай тузилган?
- Аттестация саволлари Республика таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан таълим турларига тегишлилиги бўйича вазирликлар томонидан саралаб олинган малакали тестологлар ва экспертлар томонидан тузилади ва экспертиза қилинади. Саволлар айнан имтиҳон бўладиган фанлардан олинган.
- Ижтимоий тармоқлардаги аттестация саволлари ва жавоблари ёзилган матнларга ишонса бўладими?
- Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг тегишли бўлимлари томонидан аттестация саволларининг махфийлиги таъминланади ва ижтимоий тармоқларда қўйилмайди. Педагогларга ўзлари дарс бераётган фанлардан дарсликларни қайта кўриб чиқиш ва чуқурроқ ўрганишларини тавсия қиламиз.
- Ўтган йилги аттестациядан бу йилги имтиҳонларнинг қандай фарқи бор?
- Аввало, педагог кадрлар аттестацияси жараёнида талаб қилинадиган ҳужжатлар сони тўққизтадан учтага қисқартирилди. Бу йил нафақа ёшидагилар, илмий даража ёки илмий унвонга, 15 йиллик узлуксиз иш стажига эга бўлган олий малака тоифали педагог кадрларга имтиёзлар берилган. Малака тоифаси тўғридан-тўғри ёки бир поғона ошириб бериладиган педагоглар рўйхати шакллантирилган.
Ўтган йилги аттестация жараёнларида педагоглар самарадорлик, педагогик маҳорат ва малака синовининг ҳар биридан тегишли балларни олиши лозим эди.
Бу йил педагог кадрлар аттестацияси икки босқич бўйича умумий 100 баллик тизимда баҳоланади. Таълим ташкилотларининг педагогик (кузатув) кенгашлари томонидан педагог кадрларнинг педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлиги ўрганилади ҳамда баҳолаш мезонлари асосида 20 баллик тизимда баҳоланади.
Тест синовлари 40 та саволдан иборат бўлиб, ҳар бир тўғри бажарилган тест саволига 2 баллдан, жами 80 балл берилади.
Хуршида Эрназарова суҳбатлашди.