Пластик картадаги пулларни ўғирлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
Электрон тўлов воситасидан ёки масофивий хизмат кўрсатиш тизимидан фойдаланиб фирибгарлик, ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш ҳолатлари содир этилмоқда.
Бу каби жиноятларнинг хавфли ва ачинарли томони жиноят содир этган шахс номаълум бўлиши, яъни республиканинг хоҳлаган қисмидан ёки чет элдан туриб амалга ошириши, етказилган зарарни қоплаш ва уни аниқлашда қийинчиликларни туғдирмоқда.
Бу эса фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Афсуски, бу каби жиноятлар сони ошиб бормоқда. Маълумотларга кўра, 2020 йилда шу мазмунда ички ишлар органларига 965 та мурожаат қилинган бўлса, 2021 йилда 1601 та мурожаат келиб тушган. Ҳали бу мурожаат қилингани. Камроқ миқдорда моддий зарар кўрган жабрланувчилар “овора бўлиб юраманми” қабилида иш тутиб шикоят қилмаганлар қанчадан қанча. Ўтган йилнинг ўзида банк пластик карточкаларидан пул маблағларини ўғрилик йўли билан ўзлаштирилиши оқибатида фуқароларга 4 млрд. 495,5 млн. сўм зарар етказилган.
Шунингдек, банк ҳисобварағидан пул маблағларини ўғирлаш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Мисол учун, 2020 йил сентябрь ойида номаълум шахслар томонидан иккита банк томонидан фуқароларга очилган VISA тўлов тизимларига қилинган киберҳужум натижасида 466 минг АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари талон-торож қилинган.
Амалиётда тўлов агрегаторларига (payme, click, oson ва бошқалар) боғланган телефон рақами ва банк пластик карточкаларидан ўғрилик фуқароларга тўловни амалга ошириш учун СМС орқали юбориладиган 4 талик махсус код-рақамини ноқонуний йўл билан эгаллаб олиш билан содир бўлмоқда. Шунингдек, электрон савдо майдончалари (OLX ва бошқалар) орқали пул маблағларини ўғрилаш ҳолатлари ҳам мавжуд.
Бу каби ҳаракатлар учун Жиноят кодексининг тегишли моддаларини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида жавобгарликни белгиловчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилмоқда.