Самарқандда почта хизмати нуфузини тиклайди(ми?)

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2019 йил 12 апрелдаги топшириғи асосида илғор хориж тажрибаси ҳамда давлат хавфсизлик хизмати таклифларини инобатга олган ҳолда "Ўзбекистон почтаси" акциядорлик жамияти Самарқанд филиали фаолиятини ислоҳ қилиш юзасидан чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Филиал фаолиятини ривожлантириш учун вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари бошчилигида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Хўш, жамият таназзулининг ибтидоси нимада?

- Филиалимиз 2017 йилгача пенсия ва нафақаларни тарқатиш, коммунал тўловлар йиғиш орқали юқори даромадга эришарди, - дейди "Ўзбекистон почтаси" АЖ Самарқанд филиали директори вазифасини бажарувчи Қаҳрамон Сатторов. - Кейинчалик бу хизматлар Халқ банки ва Бош прокуратура ҳузуридаги мажбурий ижро бюросига ўтганлиги туфайли 9 та почта алоқа боғламаси, 79 та алоқа бўлими ёпилди, шунингдек, 529 нафар (47 фоиз) ходим, 290 нафар (63 фоиз) почтальон иш ўрни қисқарди.

2017 йилда вилоятимизда 16 та почта алоқа боғламаси ва 274 та алоқа бўлими фаолият юритган бўлса, 2018 йилда туман ва туманлараро почта алоқа боғламалари 7 тани ва алоқа бўлимлари 195 тани ташкил этди. Бу, албатта, ходимлар сонига ҳам салбий таъсир ўтказди.

Мисол учун, филиалимиз барқарор ишлаган даврда 460 нафар почтальон билан биргаликда 1117 нафар ходим жамоамиз аъзоси саналган бўлса, 2018 йилда хизматдаги 170 нафар почтальон билан бирга жамоамизда меҳнат қилаётганлар сони 588 нафарни ташкил этди.

Табиийки, асосий хизматларимиз бошқа ташкилотларга ўтганидан сўнг фойда ҳам камайди. Ўтган йил даромадимиз 4,5 миллиард сўмни ташкил этди, харажатимиз эса 7,3 миллиард сўмга етди ва йилни 2,8 миллиард сўм зарар билан якунладик. Даромадларнинг кескин камайиши натижасида филиалнинг молиявий ҳолати, яъни тўлов қобилияти пасайди. Оқибатда, ишчи-ходимларга ойлик маошларни ўз вақтида тўлаб беришда молиявий қийинчиликлар юзага келди. Бу эса кадрлар қўнимсизлигига, малакали мутахассисларнинг ишдан кетиб қолишига сабаб бўлмоқда.  

Энди Бош вазир топшириғига асосан, филиалда вилоят давлат солиқ бошқармасининг жисмоний шахслар эгалигидаги кўчмас мулк объектлари учун ҳисобланган мол-мулк ва ер солиқлари бўйича тўлов хабарномаларини солиқ тўловчиларига етказиш орқали даромад олиш мақсадида шартномалар тузилмоқда. Филиалда "Гибрид почта" хизмати ташкил этилиб, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар етказилмоқда. Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасининг жисмоний ва юридик шахсларга юборилаётган огоҳлантириш хатлари ва хабарномаларини электрон кўринишда филиалда ташкил этилган "Гибрид почта" хизмати орқали етказиб бериш йўлга қўйилмоқда.

Аҳолидан электр энергияси ва табиий газ учун тўловларни қабул қилиш хизматларини қайта йўлга қўйиш борасида "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамияти ва "Ўзтрансгаз" акция¬дорлик компанияси билан иш олиб борилмоқда. Қўшимча даромад манбаларини топиш учун  3 та замонавий кўчма шохобчалар ўрнатилиб, Самарқанд шаҳрига ташриф буюрувчи сайёҳларга филятелия (марка, кляссер, филятелия ва бошқа) маҳсулотлари савдоси ташкил этилади. Ишга солинмаган янги имкониятларни амалга ошириш ва қўшимча маблағ топиш учун филиал тармоқларида яна бир нечта хизмат турлари жорий этилмоқда. Жумладан, мобиль алоқа операторлари билан дилерлик хизмати кўрсатиш ва сифатини ошириш, суғурта компанияларининг вилоят филиаллари билан суғурта полисларини сотиш йўлга қўйилди. Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима тўловлари, аҳолининг мол-мулк ва ер солиқларини почта орқали тўланиши бўйича келишувлар, корхона-ташкилотлар ўртасида хат-хабарлар етказиш бўйича курьерлик хизматларини ривожлантириш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.       

Самарқанд шаҳрида янги қурилган ва қурилаётган  кўп қаватли тураржойларда почта абонемент қутилари ўрнатилади. Филиалга тегишли бўш турган ва фойдаланилмаётган бинолар ҳамда хоналарни шартнома асосида ижарага бериш чоралари кўрилмоқда.

- Бу режа, албатта, самара беради, - дея сўзини давом эттирди Қ.Сатторов. - Чунки солиқ органлари хабарномаларини тарқатишдан 2 миллиард 375 миллион сўм, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги учун жарималарни қабул қилишдан 850 миллион сўм даромад олинади. МИБ хабарномаларини тарқатишдан 383 миллион сўм, бошқа турдаги тўловларни қабул қилиш хизматларидан 200-240 миллион сўм даромад олиш мумкин. Бунинг натижасида яна 140 та янги иш ўрни яратилади, жами ҳисобланганда ушбу хизматлар эвазига 5 миллиард 250 миллион сўмгача қўшимча даромад олиш ҳисобига ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 1500000 сўмгача оширилади, почта бинолари босқичма-босқич замонавий услубда таъмирланади.

Адҳам ҲАЙИТОВ,

"Зарафшон" мухбири.