Почта хизмати тезкорми?: Тўрт кун дейишди, лекин ўн кун кутдим
Яқинда почтадан қўнғироқ қилиб, менинг номимга почта келганини, олиб кетишимни айтишди. Бироздан сўнг айтилган манзилга бордим.
Қўнғироқ қилсам, манзилдан бироз ўтибсиз орқага қайтинг, деди. Орқага қайтиб почтачига қайта алоқага чиқсам, «Менинг иш вақтим тугади, ишхонадан кетдим, энди бошқа куни келасиз», деб қолди. Кеч қолибманми деб соатга қарасам, соат 16:00. Иш вақти ҳали тугамаганини эслатдим. «Совуқ хонада эрталабдан бир ўзим ўтирибман, мен кетдим, энди қайтмайман», деди.
Тўғри, ўша кунлари ҳаво совуқ эди, почта хизматчисини тушунаман. Лекин мени ҳайрон қолдиргани, мижозни у ёқдан бу ёққа боринг, деб сарсон қилиш у аёлга нега керак бўлди?
Кетар экан, мижозни совуқда чақириб нима қилади? Орадан уч кун ўтгач, почтадан яна қўнғироқ қилиб почтамни олиб кетишимни тайинлади. Ҳарқалай иккинчи сафар жўнатмани олиш насиб қилди. Яъни 10 кун деганда почта етиб келди. Лекин почтанинг етказиб бериш хизматидан кўнглим тўлмади. Қўшни вилоятга жўнатма юборганимда ҳам 10 -14 кунда етиб борганди. Умуман,
бугун почта хизмати орқали хат ва жўнатмаларни жўнатишда аҳолига қандай қулайликлар бор? Шу ҳақда билиш учун почтага бордим.
- Самарқанд шаҳрида 23 та алоқа бўлими фаолият олиб бормоқда, - дейди «Ўзбекистон почтаси» вилоят бўлими хат, бандероль бўйича назоратчи оператор Лола Ҳасанова. - Дунё бўйича 58 та давлатга хат, жўнатмалар юбориш имкони бор. Бугунги давр талабига кўра, ҳозирда почтани штрих коди орқали юборувчи ҳам, олувчи ҳам онлайн кузатиб турса бўлади. Мазкур хизмат УЗПОСТ платформаси орқали амалга оширилади. Хатнинг неча кунда етиб бориши ҳеч қаерда кўрсатилмаган, муддат белгиланмаган. Почта вилоятларга 3- 4 кунда етиб боради, чет давлатга юборишда бир ой муддат, деймиз. Аммо 12 -15 кунда ҳам етиб борган пайтлар бўлади.
Оддий хатни юборувчи почта қутисига ташлаб кетишдан олдин 1900 сўмга марка сотиб олиб, ёпиштириши керак, марка бўлмаса, хатлар жўнатилмайди. Шунингдек, хатларни оддий ва буюртма шаклида ҳам жўнатиш мумкин бўлиб, барчасиниинг ўз нарх-навоси бор.
Жўнатмалар ҳам қайси давлатга юборилишига қараб нархланади. Мисол учун, Россия давлатига поезд орқали жўнатма юбориш учун бир килограмига 125 минг сўм тўланса, 10 килограмм жўнатма нархи 818 минг сўм бўлади. Агар мижоз авиажўнатма юбораман деса, 10 килограми 951 минг сўм бўлади. Жўнатмани уйга етказиб бериш хизмати ҳам мавжуд. Почталарни сақлаш муддати бир ой.
Ҳозирда юртимизда ҳусусий почталар ҳам фаолият олиб бормоқда. Хўш, хусусий почталарда бу масалада қандай фарқли жиҳатлар бор?
«Express mail universial» почта хизмати 2016 йилда очилган, - дейди мазкур корхона вакили Фаррухжон Одинаев. - Самарқанд вилоятида иккита почтамиз бор, яна қўшимча офис очмоқчимиз. Ўзбекистон вилоятлари бўйича бир килограмм почта 20 минг сўм бўлиб, ҳар бир килограмм учун 5000 сўмдан қўшиб борилаверади. Яқин қўшни вилоятларга почта юборишса, бир кунда ҳам етказиб берамиз. Масалан, Самарқанддан Тошкентга бугун юборилса, эртага етиб боради. Водийга икки кунда етказилади. Почта офисда 10 кун сақл
нади, агар қабул қилиб олувчига боғлана олмасак, 10 кундан кейин юборувчига қайтарилади.
Қулайлик томонлари тезкор, мижоз уйидан чиқмай туриб ҳам жўнатма юборса бўлади. Олувчининг уйигача етказиб берамиз. Мижоз уйида туриб, почтаси қайси курьернинг қўлида эканлигини кузатиб турса бўлади, бу учун қўшимча тўлов талаб қилинмайди. Жўнатмалар юбориш ҳамда қабул қилиш юзасидан 165 давлат билан шартнома қилганмиз.
Иккала почтага бориб, давлат почтаси орқали хат жўнатувчилар, хусусий почтадан эса жўнатма юбориш учун мижозлар кўпроқ эканига гувоҳ бўлдим. Жўнатмаларда тезкорликка урғу бераётганлар сони кўпроқ. Кўриниб турибдики, бугун тезкорлик мижозлар учун биринчи шартлардан бири. Ҳар бир хизмат кўрсатувчи аввало, шу ҳақда ўйлаб кўрса, яхши бўларди.
Муниса ШАМСИЕВА.