Покистон мудофаа вазири Ҳиндистон армиясининг мамлакат ҳудудига кириб келиши муқаррар эканини маълум қилди

Покистон Ислом Республикаси мудофаа вазири Хаваджа Асиф Ҳиндистон билан муносабатларда юзага келаётган кескинлик фонида Ҳиндистон қуролли кучларининг Покистон ҳудудига ҳарбий кириб келиши муқаррар эканини баён этди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Ҳиндистон расмийларининг сўнгги баёнотлари ва риторикаси тобора шиддатли тус олмоқда. У таъкидлашича, Покистон ҳарбий раҳбарияти ҳукуматни вазиятнинг жиддийлиги ва эҳтимолий ҳарбий таҳдид ҳақида расман хабардор қилган.
Шу билан бирга, Покистон расмийлари Хитой, Форс кўрфази давлатлари, Буюк Британия ва АҚШ каби стратегик ҳамкорлар билан мунтазам алоқада эканини маълум қилди.
Вазир босқиннинг аниқ характерини айтмади, унинг тўлиқ масштабдаги ҳарбий ҳаракат бўлиш-бўлмаслиги номаълум. Шуни таъкидлаш лозимки, ҳар иккала давлат ҳам ядровий қуролга эга.
Хаваджа Асиф Покистон ядровий потенциали фақат мамлакатга бевосита таҳдид туғилган тақдирдагина қўлланилишини таъкидлади.