Покистоннинг учдан бир қисми сув остида. Шошилинч ёрдам сўралмоқда

Покистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири мамлакат ҳудудининг учдан бир қисми сув остида қолгани ҳақида баёнот берди. Бир неча ойдан бери давом этаётган ёмғирлар катта ҳудудларни сув босиши ва кўплаб сел оқимларига олиб келди.

БМТ ва Покистон ҳукумати табиий офатлар туфайли жаҳон ҳамжамиятидан мамлакатга 160 миллион доллар ёрдам сўрамоқда. Мавсум бошидан буён қурбонлар 1000 кишидан ортди, 33 миллиондан ортиқ аҳолига зарар етган.

Шунингдек, миллионлаб уй ва минглаб километр йўллар вайрон бўлган, қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликка улкан зарар етказилган. Ҳукумат глобал исиш билан боғланаётган ушбу тошқинларни Покистон тарихидаги энг ёмони деб атамоқда.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш келаси ҳафта Покистонга ташриф буюриб, мамлакатнинг ёрдам дастурларини қўллаб-қувватлаш ниятида. Бош вазир Шаҳбоз Шариф агар Исломобод керакли маблағни олмаса, оқибати Покистон халқи учун ҳалокатли бўлишини айтди.

Расмийлар табиий офатдан етказилган зарарни 10 миллиард долларга баҳоламоқда ва бу фақат дастлабки ҳисоблар.