Президент «2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолади

Унга кўра, 2022 йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда «Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!» деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кенг нишонланади.

Наврўз умумхалқ байрами Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари шаклида ўтказилади.

Ўз набатида, Тошкент шаҳридаги «Янги Ўзбекистон» мажмуаси алоҳида дастурлар асосидаги халқ сайилларига мезбонлик қилади.

Фуқароларга байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, кекса авлод вакиллари, Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари, Саховат уйларида яшаётганлар, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Меҳр дафтари»га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш тавсия қилинади.