Президент мурожаатномаси: Тадбиркорлик кодексини қабул қилиш – ҳаётий зарурат
Жамият мавжуд экан, уни ривожлантириш учун ҳар бир соҳада ислоҳотларни амалга ошириш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш ҳар доим ҳам устувор масалалардан бири ҳисобланади. Ҳуқуқий ислоҳотлар эса ислоҳотларнинг ядросини ташкил этади десак, муболаға бўлмайди. Чунки жамиятдаги мавжуд ҳар бир соҳани ислоҳ қилиш, ривожлантириш учун аввало, унинг ҳуқуқий асоси яратилади. Бугунги кунда ҳам амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг натижаси қонунчиликни такомиллаштиришга ва либераллаштиришга қаратилмоқда.
Ҳеч биримизга сир эмас, сўнгги йилларда давлат раҳбарининг Парламентга Мурожаатномаси урфга айланиб бормоқда. Мазкур мурожаат нафақат Олий мажлисга, балки бутун халққа йўлланмоқда. Зеро, ислоҳот ислоҳот учун эмас, ислоҳот инсон учун. Шундай экан, кеча давлатимиз раҳбарининг Парламентга йўллаган Мурожаатномасида аввало, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бирламчи аҳамият касб этди. Тадбиркорлик субъектлари ҳам гарчи, ҳис-туйғуларга эга бўлмаса-да, ҳуқуқда шахс, яъни юридик шахс деб юритилади. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимояси ҳам қайсидир маънода инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир.
Маълумки, тадбиркорлик субъектларининг мавжудлиги барча макон ва замонда ҳам давлат ва жамиятнинг ривожланишига тўғридан-тўғри ижобий таъсир кўрсатади. Статистик маълумотларга мурожаат қиладиган бўлсак, мамлакатимизда 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, 400 мингга яқин кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари мавжуд бўлиб, бу аҳоли сонига нисбатан ҳар 84 нафар фуқарога битта тадбиркорлик субьекти тўғри келади.
Таққослаш учун бир қанча ривожланган мамлакатлардан статистик маълумотларни келтириб ўтамиз:
1,5 миллиардга яқин аҳолиси бор Хитойда ҳар 23 нафар фуқарога;
147 миллион нафар аҳолиси бор Россияда ҳар 18 нафар фуқарога;
512 миллион аҳоли истиқомат қилувчи Европа Иттифоқида ҳар 17 нафар фуқарога;
327 миллион нафар аҳолиси бор АҚШда ҳар 9 нафар фуқарога биттадан тадбиркорлик субъекти тўғри келади.
Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш бу мамлакатни ривожланган мамлакатлар қаторига киритувчи омиллардан биридир. Мазкур натижага эришиш учун эса аввало, соҳага оид қонунчилик базасини етарли даражада такомиллаштириш ва либераллаштириш лозим.
Таъкидлаш жоизки, роман-герман ҳуқуқ тизимининг асосий белгиси бўлган “кодификациялаштириш”, яъни қонун ҳужжатларини тўплаб, яхлит кодекс қабул қилиш соҳадаги муҳим қадам бўлади. Президентимиз ҳам кеча Мурожаатномасида Тадбиркорлик кодексини қабул қилишни таклиф қилди. Бу эса юқоридаги фикрларимизнинг ёрқин далили бўлди десак, хато бўлмайди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари ўз нутқида соҳага оид 5000 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта хатловдан ўтказиш ва тизимлаштириш таклифини ҳам илгари сурди. Бу ҳуқуқни қўллашда турли хил коллизияларнинг, яъни қарама-қаршиликларнинг олдини олади.
Бундан ташқари, Тадбиркорлик кодексининг қабул қилиниши тадбиркорлар билан бир қаторда мансабдор шахсларга ҳам бир қатор енгилликлар яратади. Хусусан, тадбиркорлик соҳасига оид мурожаат келиб тушганда мансабдор шахс, юқорида айтиб ўтганимиздек, 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кўздан кечириб, биринчидан, жисмоний қийинчиликни келтириб чиқарса, иккинчидан мурожаатга белгиланган муддатда жавоб бериш масаласини ҳам сўроқ остида қолдиради.
Бир сўз билан айтганда, мазкур кодексни қабул қилишни, фақатгина давлат раҳбари ёки тадбиркорлар хоҳлаётгани йўқ. Буни замоннинг ўзи тақозо қилмоқда.
Улфат ШОНАЗАРОВ,
Тошкент давлат юридик университети Ихтисослаштирилган филиали ўқитувчиси.