Профессор Ҳ.Мусаев: ОТМ инновацион ва техник ғоялар билан фикр алмашадиган мулоқот марказига айланиши лозим

Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларидаги тест саволларини тайёрлаш усулларини илғор хорижий тажриба асосида қайта кўриб чиқиш, халқаро имтиҳон тизимлари (ТOEFL, IELТS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва ҳоказо) сертификатларига эга бўлган абитуриентларга тегишли фанлардан белгиланган энг юқори балл бериш иқтидорли талабаларни танлаш учун таълимдаги янгиланишнинг муҳим босқичи саналади. Шунингдек, талабанинг оғзаки нут­қи ва ёзма билимига ҳам эътибор қаратиш ва унга алоҳида балл бериш лозим. Тест марказида саволларни тузишда ва уни назорат этишда ҳар қайси фан бўйича етук мутахассислар танланиши зарур. Тест саволлари олий ўқув даргоҳларининг тажрибали профессор-ўқитувчилари муҳокамаси асосида тасдиқланиши ҳам фойдадан холи бўлмайди. Бу жараёнда, албатта, оғзаки ва ёзма нутқни аниқловчи саволлар ҳисобга олиниши шарт.

Профессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг замонавий тизимини яратишда уларнинг илмий даражаси ва унвони билан бирга, халқаро, республика миқёсида амалга оширган илмий ишлари ҳисобга олиниши, меҳнати тақдирланиб борилиши ҳам муҳим. Ваҳоланки, кўп олий ўқув юртларида бу масалага деярли эътибор берилмайди. Зеро, ўқитувчининг қўлланма ёки дарслик чоп этишида ҳеч ким ҳомийлик қилмайди.

Рости, бугун мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ўзгаришларда олий таълим муассасаларининг иштироки, ташаббускорлиги сезилмаяпти. Бунда профессор-ўқитувчилар олдига қўйилган вазифалар масъулиятини кучайтириш, олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга, кенг жамоатчиликка етказишни педагоглар зиммасига қатъий юклаш, зарур бўлганда, ижодкор устозларни рағбатлантириш керак.

Яна бир муаммо, олий таълим муассасалари инновацион ва техник ғоялар билан фикр алмашадиган мулоқот марказларига айланмаган. Ваҳоланки, ҳозирги даврда ўзаро мулоқотнинг ўрни ниҳоятда муҳим.

Ачинарлиси, олий ўқув юртлари таълим тизимида ўқув-ўқитиш таълим стандартлари, таълим дастурлари деярли ҳар йил ўзгаради. Соатлар тақсимоти, фанлар ўқитилишида ҳам фарқлар бор. Кетма-кет текширишлар, комиссиялардан ҳеч бир фойда йўқ. Аксинча, давлат таълим стандартлари ва дастурлар 3-4 йилгача ўзгармаслиги лозим.