Профессор ҳаёт ҳақида савол қўйди

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори Мамаюнус Пардаев бугунги карантин шароитида уйда, фарзанду набиралар даврасида ҳам бекор ўтиргани йўқ. Домла ижтимоий тармоқларни кузатиб, китобларни ўқиб, ҳаёт фалсафаси ҳақидаги фикрларини ўртага ташламоқда.

“Қадрдоним! Буни Сизга илиндим. Карантин пайтида бекор ўтирмайлик. Бир ўзимизга ҳам назар ташлаб қўяйлик, – деб ёзади Мамаюнус ака. – Ҳаётига бир назар ташлаш одамнинг ўз ҳаётини тушуниш имконини беради. Бундай имконият Сизда пайдо бўлди.

“Ҳаёт – бу нима?”, деган саволга телеграмнинг “Қалбимда сенсан” каналида 50 та изоҳ берилган экан. Биз ҳам диққат билан қараб чиқиб, ҳаётнинг бошқа жиҳатларини таҳлил қилиб, уларнинг сонини 150 тага етказдик.

Диққат билан назар солсангиз, ҳаммаси ҳақиқатда ҳаётнинг ўзи. Бундан ҳам кўриниб турибдики, ҳаёт шунчалик серқирраки, ундан ҳар бир инсон ўзининг ўрни ва йўлини топиши учун унга ўта зийраклик билан ёндашмоғи лозим экан.

Худди шундай ҳаётнинг ҳар бир жиҳатига изоҳ бериш мумкин. Буни ҳар бир кишининг ўзига ҳавола қиламиз. Диққат билан мушоҳада қилиб кўрайлик:

Ҳаёт - баҳона;

Ҳаёт - шоҳона;

Ҳаёт – қисмат;

Ҳаёт – нафас;

Ҳаёт - қафас;

Ҳаёт - ҳавас;

Ҳаёт - бахт;

Ҳаёт - вақт,

Ҳаёт - меҳр,

Ҳаёт - қаҳр...”.

Профессорнинг фикрларини бошқалар ҳам давом эттириб, “ҲАЁТ”га 250 дан ортиқ таъриф беришган:

“Ҳаёт – бу ташвиш. Чунки одамлар турли хайрли ва изтиробли ташвишларни бошидан кечириб яшайди”.

“Ҳаёт - бу тажриба. Хато-камчиликлар ва муваффақиятлар одамни мукаммаллаштириб, тажрибасини орттириб боради”.

“Ҳаёт - бу югуриш. Чунки ҳаёт тезлашиб кетган бир паллада ҳаётдан орқада қолиб кетмаслик учун югуришга ҳам тўғри келади”.

Бизнинг катта камчилигимиз бировларни жуда яхши ўрганамиз. Айниқса, камчиликларини завқланиб гапириб ҳам юрамиз. Афсуски, ҳеч ким ўзига неча “пуллик” одамман деб савол бермайди ва мос равишда ўзимизни, ҳаётимизни яхши билмаймиз. Зора, шу ишимиз одамларга бир чимдим бўлса ҳам ўзига назар солишни ўргатса, деб фикрларини хулосалайди олим.