Прокуратура тизимидаги махсус унвонлар кимларга берилади?
Прокуратура органлари ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар тоифасига киритилган бўлиб, тизим ходимларига махсус унвонлар бериш кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан 1992 йил 9 декабрда тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси идоралари ходимларининг даражали махсус унвонлари тўғрисида”ги Низом қабул қилинган. Мазкур Низом прокуратура идоралари ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси илмий муассасалари ва ўқув юртлари ходимларига махсус унвонлар белгилаш ва бериш тартибини белгилайди.
Низомда махсус унвонларнинг даражалари тоифаси кўрсатилган. Прокуратура идоралари ва уларга тенглаштирилган муассасалар ходимларига эгаллаб турган вазифаси ва меҳнат иш стажидан келиб чиқиб, қуйи даражали махсус унвонлар, юқори даражали махсус унвонлар ва олий даражали махсус унвонлар берилади.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига ҳақиқий давлат адлия маслаҳатчиси, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосарига 1-даражали давлат адлия маслаҳатчиси, Бош прокурор ўринбосарларига 2-даражали давлат адлия маслаҳатчиси, Бош прокуратура бошқарма ва бўлимларининг бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган бошқа прокурорларга 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси унвони берилиши мумкин. Бунда 1, 2, 3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси унвонларини эгаллаб туриш муддати белгиланмайди.
Бош прокурорнинг катта ёрдамчилари ва махсус топшириқлар бўйича ёрдамчилари, бошқарма ва бўлим бошлиқларининг ўринбосарлари, бошқармалар таркибидаги бўлимларнинг бошлиқлари, илмий муассаса ва ўқув юртининг раҳбари, Бош прокуратуранинг алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчилари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ўринбосарлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ўринбосарларига – адлия катта маслаҳатчиси;
Бош прокурорнинг ёрдамчилари, бошқармалар таркибига кирувчи бўлимлар бошлиқлари ўринбосарлари, бошқарма катта прокурорлари, алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчилари ва катта терговчилари, илмий муассаса ва ўқув юрти раҳбарининг ўринбосарлари, кафедра мудирлари ва сектор раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва уларга тенглаштирилган прокуратуралар бошқарма ва бўлимларининг бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, шаҳар, туман ва уларга тенглаштирилган прокурорларга – адлия маслаҳатчиси тақдим этилиши мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ёрдамчилари, бошқармалар ва бўлимларнинг катта прокурорлари ва прокурорлари, алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчилари ва катта терговчилари ҳамда ўқитувчи ва илмий ходимлари, шаҳар, туман ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ўринбосарларига – адлия кичик маслаҳатчиси, шаҳар ва туман прокурорларининг ёрдамчилари, терговчилари (даражали унвонга эга бўлган муддатга боғлиқ тарзда)га – 1-даржали юрист, прокуратура идораларида иш ўрганаётганлар, ёш мутахассислар, мутахассислиги бўлмаган шахслар ва ёрдамчи лавозимларда ишлаётганларга 2, 3-даражали юрист, кичик юрист унвони берилиши мумкин.
Ҳар бир даражали махсус унвонни эгаллаб туришнинг аниқ муддатлари мавжуд. Бу муддатлар кичик юристга – 1 йил, 3-даражали юристга - 2 йил, 2-даражали юристга - 2,5 йил, 1-даражали юристга - 3 йил, адлия кичик маслаҳатчисига - 3 йил, адлия маслаҳатчисига - 3,5 йил, адлия катта маслаҳатчисига - 4 йил қилиб белгиланган. Кичик юрист даражали махсус унвони аттестациядан ўтган ва лавозимга тасдиқланган ёш мутахассисларга берилади. Иш ўрганиш даврида алоҳида ўрнак кўрсатган ёш мутахассислар 3-даражали юрист унвонига тақдим қилинади.
Низомда махсус унвонларни кимларга бериш қатъий белгилаб қўйилган. Ҳақиқий Давлат адлия маслаҳатчиси, шунингдек 1, 2, 3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси махсус унвонлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори 1, 2, 3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси унвонини бериш тўғрисидаги тақдимнома билан Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
Бошқа даражадаги махсус унвонларни Бош прокурор беради.
Прокуратура идораларининг ишлар бошқармасида, молия, моддий-техникавий таъминот тармоқларида ишлаётган ҳамда аттестацияга дахли бўлмаган ўзга ходимлар меҳнатда алоҳида ўрнак кўрсатганликлари учун истисно тариқасида даражали унвонга тақдим этилишлари мумкин.
Прокуратура идораларига ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидан ва бошқа ташкилотлардан ишга ўтган ходимларга тайинланган лавозимига, уларнинг билими ва иш тажрибасига боғлиқ равишда даражали махсус унвонлар берилади. Айрим ҳолларда ўз хизмат бурчини намунали бажарганлиги учун ходимларга даражали махсус унвонлар муддат тугамасдан аввал ҳам берилиши мумкин.
Прокуратура органлари идораларининг даражали махсус унвонларга эга бўлган ходимларига мансаб окладларига қўшимча ҳақ тўланади.
Прокуратура идораларининг даражали махсус унвон берилган ходимлари мазкур унвонга умрбод эга бўлиб қоладилар. Лекин ходим ўзини бадном қиладиган қилмиши учун прокуратура идораларидан бўшатилганда, даражали махсус унвондан маҳрум этилиши мумкин. Прокуратура идоралари ходимлари ўз хизмат бурчини қўпол равишда бузган ҳолда ёки нолойиқ хулқ-атвори учун унинг унвони пасайтирилиши ҳам назарда тутилган.
Прокуратура ходимларини олий даражали махсус унвонлардан маҳрум этиш ёки уларнинг унвонини пасайтириш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, бошқа унвонлардан маҳрум этиш ёки унвондан пасайтириш Бош прокурор томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси таркибига кирган Қуролли Кучларда қонунларнинг ижросини назорат қилувчи Ҳарбий прокуратура ходимларига унвонлар бериш алоҳида Низом билан тартибга солинади.
Прокуратура ходимларига махсус даражали унвонлар бериш уларнинг ишчанлик қобилиятини янада ривожлантириш, жамиятда обрў-эътиборга сазовор бўлиш, узоқ йиллик меҳнати самараларини кўриш, билими ва тажрибасини ўз вазифасига фидо этиш, асосийси, қариндошлари ва ёш авлод учун намуна мактабини ўташи лозим.
Исматилла ЙЎЛДОШЕВ.