Пул эвазига ўқилган китоблар
(Ҳаётий)
Келинлик давримнинг илк кунлари эди. Бехосдан парда ортидаги бир дунё китобларга кўзим тушди. Юзимни бужмайтирдим: "Бунча китоб нимага керак? Қанча жойни банд қилиб турибди!". Хоҳлаб-хоҳламай, китобларни тартибга келтирдим. Шу пайт мамнун қиёфада турмуш ўртоғим хонага кириб, менга кулиб қаради.
- Бойликларим сенга ёқдими?
Кулиб юборишдан ўзимни зўрға тийиб, “Ҳа, ёқди”, дедим. Андиша устунлик қилди.
- Ёққан бўлса жуда яхши, энди биргаликда китоб ўқиймиз.
- Нима? Кечирасизу, китоб ўқисам уйқум келади...
- Ўрганиб кетасан, - қуруқ ва совуқ жавоб бўлди.
Ўша пайт шу китобларнинг ҳаммасини улоқтиргим келди. Лекин, андиша яна устунлик қилди.
Бир муддат ўтиб, китоб ўқишга кўндирди. Хуллас, ўқишим керак бўлган дастлабки китоб "Ойбегим менинг" китоби бўлди. Ўқишга киришдим, беш бет ўқиб ухлаб қолибман. Турмуш ўртоғимнинг талаби шу бўлдики, эртасига ўқиганимни айтиб беришим керак. Ўйланиб қолдим, негаки кимнингдир айтган гапини ўзидан яхшироқ қилиб айтиб бераман, аммо ўқиганимни, йўқ, яхшиси тинчгина супур-сидиримни қилай.
"Имтиҳон" топшириш пайти келди. Бир-икки кун ўқий, бирдан айтиб бераман, дедим мактаб давримни эслаб. Хуллас, китобни ўқишни эплолмадим. Ойбекнинг қамалганини баҳона қилдиму, қаттиқ сиқилганимни, асабларим айни пайтда бундай ҳолатга дош беролмаслигини айтиб, китобни астагина жойига қўйдим. Шу сафар у киши мени тушундилар ва кайфиятимга мос келадиган бошқа китоб беришини айтдилар. Менинг эса тоқатим тугаганди. Андишани четга отвордим-да "Ҳеч қанақа китоб ўқимайман" деб туриб олдим ва бир йилча ўқишдан озод бўлдим. Бир куни харажатларим учун пул керак бўлди.
- Азизим, пул бероласизми?
- Бероламан, фақат битта шартим бор.
- Қанақа шарт?
- "Жиноят ва жазо"ни ўқийсан.
- Ё худо, кичикроқ китоб ўқисам бўмайдими?
- Йўқ бўмайди, шуни ўқийсан, тугатсанг сўраганингдан ортиқроқ пул оласан.
- Алдамайсизми, унда ҳар ўқилган эллик бетига пул берасиз.
- Келишдик.
Аёл зоти хоҳлайсизми-йўқми, табиатан пулни ёмон кўрмайди. Ўқишни бошладим, пулнинг кучини қарангки, бир кунда эллик бетни ўқиб тугатибман. Ваъда қилинган пулниям олдим.
Бир ҳафтада "Жиноят ва жазо"ни ўқиб бўлдим. Негадир, китобни тугаб қолгани мени хафа қилди. Шу бир ҳафта ичида китобдаги қаҳрамонларга ўрганиб қолибман, ғалати бўлдим. Бора-бора ўзим билмаган ҳолда китобга меҳр қўйдим. Ҳар сафар китоб ўқиб бошлаганимда, "Қанча пул керак", деган саволни эшитаман ва бироз уяламан.
Инсон ҳаётида биринчи устозни мактабда учратади, менда эса бошқача бўлди. Ҳаётимдаги хақиқий устозни янги уйимда топдим ва мен у инсон билан фахрланаман, раҳмат айтаман. Илоҳим, қизларимизга ҳақиқий устоз учрасин.
Санталатхон АКБАРХОН қизи.