Пул ҳамма жойда бор, гап уни топа билишда

Бу йил қўшработлик узум етиштирувчи соҳибкорлар учун фавқулодда баракали йил бўлди. Яқин орада токзорларда бундай мўл ҳосил етиштирилмаган эди. Айни кунларда туманнинг марказий деҳқон бозори узум ва қуритилган майизнинг турли-туман навлари билан тўлиб-тошган. Нархлари ҳам харидорбоп: ўтган йилларга қараганда 1,5-2 ҳисса арзон.

– Бунинг боиси шундаки, – изоҳ берди туман ҳокими ўринбосари, қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Мухтор Қувондиқов, – узум жуда иссиқсевар, айни пайтда суғоришни хуш кўрадиган ноёб ўсимлик. Бинобарин, жорий йил жуда иссиқ келди, бироқ оби ҳаёт бўлмаса, мўл ҳосил етиштириш амри маҳол. Кейинги йилларда туманимизда сув чиқариш ишлари давлат томонидан изчил қўллаб-қувватлангани ва тадбиркорларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли 1000 дан зиёд вертикал суғориш қудуқлари бурғуланиб, токзорларнинг сув таъминоти тубдан яхшиланди.

Дарҳақиқат, тепадан қуёш олов пуркаб турса, пастдан оби ҳаёт оқса, токзорларда ҳақиқий мўъжиза яратилар экан. Буни туманнинг Саксончел қишлоғида яшовчи соҳибкор Фахриддин Эшниёзов ўзининг иш фаолияти ва тажрибалари мисолида яққол исботлади. Айтайлик, бозор тўла майиз, баҳоси ҳаминқадар: килоси 15-20 минг сўм туради. Фахриддин етиштирган майизлар эса пештахтанинг гули. Ҳар донаси 5 граммгача тош босадиган бу "супермайиз"ларнинг атиги ўнтасини есангиз қорнингиз тўяди. Шу боисдан харидорлар унинг килосини 175-180 минг сўмдан, ҳеч оғринмасдан сотиб олишяпти.

Ишбилармон кишилар ”Пул ҳамма жойда бор, фақат уни топа билиш керак”, дейишади. Қаҳрамонимиз пул топиш учун баъзи тенгдошларига ўхшаб чет эллардан ёки катта шаҳарлардан иш қидирмади, аксинча уни жонажон қишлоғи, оиласи бағридан узоқлашмай, оёғи остидан - ўзининг томорқасидан топди. Жорий йилда 200 туп токнинг ҳар биридан ўртачи 500 минг сўмдан даромад қилди. Бунга қўшимча 100 туп олма дарахтидан 10 тоннадан зиёд сархил неъмат ҳам олди.

Фахридин донгдор соҳибкор ва боғбонларнинг қимматли иш тажрибаларини ўрганиш, маслаҳатларига амал қилишдан асло эринмайди. Қаерда янгилик бўлса, уни ўзининг томорқасида синаб кўради. Шу тариқа унинг томорқасида аввал гибрид навлар пайдо бўлди, кейинчалик эса узумнинг “Сўғдиёна” навини олиб келиб пайвандтагларга улади. У ўсимликларни қандай ва нима билан озиқлантириш, ҳашорат ва касалликларга қарши курашиш, кўчатларни пайвандлаш усулларини пухта билади. Бу кўникмалар томорқасидаги мевали дарахт ва узумзордан ҳар йили мўл-кўл ҳосил олиш имконини беряпти. Оиланинг фаровон, бахтиёр бўлиши учун мустаҳкам замин бу.

Бобо Сароий,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.