Путин РФ Конституциясига ўзгартиш киритиш бўйича сайлов санасини белгилади

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Конституцияга ўзгартиришлар киритилиши муносабати билан ўтказиладиган умумхалқ сайлови тўғрисидаги фармонга имзо чекди. Фармонда умумхалқ сайлови 2020 йилнинг 22 апрел санасида ўтказилиши назарда тутилган.

Шу билан бирга, давлат раҳбари сайловлар коронавирус билан бўлиб турган вазият имкон берган тақдирдагина ўтказилиши тўғрисида тўхталиб ўтди. У асосий қонунга ўзгартиришлар киритилиши муҳим бўлишига қарамасдан, россияликлар саломатлиги муҳим эканлигини алоҳида таъкидлади.

Бугунги кунга қадар мамлакатда 114 нафар янги турдаги вирус билан касалланганлар қайд этилган, 5 нафари тузалган ва ўлим ҳолати қайд этилмаган.

Жорий йилнинг январ ойида, Россия Президенти Владимир Путин Конституцияга ўзгартиришлар киритилиши тўғрисидаги қонун лойиҳасини Давлат думасига тақдим этди. Ўзгартиришлар Давлат кенгаши шакллантирилишини ва Федерация кенгаши ваколатларини кенгайтиришни назарда тутади. Шунингдек, ўзгартиришлар 2024 йилда амалдаги президентга қайта сайланиш имконини беради.