Қачондан бошлаб 8 март календарда қизил бўлган?

Халқаро хотин-қизлар байрами ҳар йили бутун дунёда 8 март куни нишонланади. Унинг байрам сифатида ўтказиш ғояси қачон пайдо бўлган?

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, биринчи марта уни ўтказиш ғояси XX асрнинг бошларида пайдо бўлган. Америка миллий социалистик партиясининг қарорига биноан миллий аёллар куни илк бор 1909 йил 28 февралда Америка Қўшма Штатларида нишонланди. АҚШда аёллар кунини 1913 йилгача февралнинг сўнгги якшанбасида нишонлаш давом этди.

1910 йилда Даниянинг Копенгаген шаҳрида бўлиб ўтган Социалистик интернационал йиғилишда аёллар ҳуқуқлари ҳаракатини қайд этиш ва уларга умумий сайлов ҳуқуқига эришишда ёрдам бериш мақсадида Халқаро хотин-қизлар кунини нишонлаш таклиф этилди. Ушбу таклифни конференцияда 17 мамлакатдан иштирок этган 100 дан ортиқ аёллар бир овоздан қўллаб-қувватлади, аммо кун учун аниқ сана белгиланмади.

Халқаро хотин-қизлар куни биринчи марта 1911 йил 19 мартда Австрия, Германия, Дания ва Швейцарияда нишонланди. Ўшанда митингда 1 миллиондан ортиқ эркак ва аёллар қатнашди. Овоз бериш ҳуқуқи талабидан ташқари, улар аёлларга ишлаш, касб-ҳунар таълими, давлат лавозимларида ишлаш ҳуқуқи ва иш жойидаги камситишларга чек қўйишни талаб қилишган эди.

Совет Иттифоқида 8 март куни ҳар доим у ёки бу тарзда нишонланиб келинди, лекин СССР Олий Кенгаши Президиумининг 1965 йил 8 майдаги фармони билан бу кун расмий равишда байрам сифатида нишонлана бошланди.

Узоқ вақт давомида СССР 8 март дам олиш куни бўлган ягона Европа мамлакати бўлиб қолди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Халқаро аёллар йили деб эълон қилинган 1975 йилдан бери БМТ расман 8 мартни Халқаро хотин-қизлар куни сифатида нишонлашни бошлади.

Совет Иттифоқи тугатилгач, 8 март куни МДҲнинг аксарият давлатида байрам сифатида кенг нишонланади. Мисол учун, Тожикистонда мамлакат президентининг ташаббуси билан 2009 йилдан буён ушбу байрам - Оналар куни деб номланди.

Туркманистонда Халқаро хотин-қизлар куни 2008 йилгача нишонланмаган - аёллар байрами 21 мартга (баҳорги тенгкунлик куни) ўтказилиб, Наврўз, миллий баҳор байрами билан бирлаштирилди ҳамда Миллий баҳор ва аёллар куни байрами деб номланди. 2008 йил январь ойида Туркманистон Президенти Меҳнат кодексига ўзгартиш киритди ва 8 март байрамини қайтарди.

Грузияда ҳам Халқаро хотин-қизлар куни - 8 мартда, оналар куни - 3 март нишонланади.

Шунингдек, 8 март – хотин-қизлар байрами сифатида Ангола, Гвинея-Бисау, Замбия, Камбоджа, Кения, КНДР, Мадагаскар, Монголоия, Уганда ва Эритреяда нишонланади.

Г.Холдорова тайёрлади.