Қадим шаҳарларни туризм бирлаштиради
“Silk Road Samarkand” халқаро туристик марказида Хитойнинг Циан шаҳри маданияти ва туризми тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзаро маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, хусусан, туризмни ривожлантиришга қаратилган тадбирда Хитойнинг қадимий Циан шаҳрининг туристик салоҳияти намойиш этилди.
Тадбирда вилоят ва Циан шаҳри масъуллари иштирок этиб, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишнинг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтди.
– Циан шаҳри билан Буюк Ипак йўли орқали қадимдан савдо-сотиқ алоқалари ривожланган, – дейди вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Нозир Ибрагимов. – Бугунги тақдимот давомида Циан шаҳрининг туристик салоҳияти қанчалик юқори эканлигига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Цианнинг ўзига хослиги шундаки, бу шаҳар қадимийлик ва замонавийликни уйғунлаштира олган бетакрор шаҳар ҳисобланади. Бугунги кунда Циан – Тошкент ўртасида авиақатнов йўлга қўйилган. Биз Циан – Самарқанд йўналишида ҳам авиақатновни йўлга қўйиш таклифини билдирдик.
Тадбирда туризм соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Самарқанд вилояти туризм бошқармаси ва Циан шаҳри маданият ва туризм бошқармаси ўртасида меморандум имзоланди.
– Самарқанд билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида меморандум имзолаб, Буюк Ипак йўлидаги икки қадимий шаҳар ўртасидаги алоқаларни қайта тиклаймиз, - дейди Циан шаҳри маданият ва туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зуо Донг. – Қадимий Самарқанднинг дунё ҳамжамиятидаги ўрни барчага аён. Бизнинг Циан шаҳри ҳам уч минг йиллик тарихга эга. Буюк Ипак йўли Циандан бошланади. Унинг маданияти, тарихи ҳам жуда бой. Бутунжаҳон маданий меросидан жой олган олтита тарихий маскан жойлашган. Тақдимотимиз давомида буни янада ёрқинроқ тушунтиришга ҳаракат қилдик. Ўйлайманки, бугунги тадбиримиз Циан ва Самарқанд ўртасида туризм, маданият соҳаларидаги ҳамкорлигимизнинг янги босқичини бошлаб беради.
Тадбир давомида Циан миллий рақслари, хусусан, Танг сулоласи қўшиқ ва рақс дурдоналари ҳамда ўзбек миллий санъати намуналари намойиш этилди.
Шунингдек, Циан шаҳри маданият ва туризм департаменти томонидан омадли меҳмон ўйини ташкил қилиниб, унда совғалар ҳамда авиарейсларга чипталар ва Циан шаҳридаги энг йирик меҳмонхоналарда жойлашиш имконияти берувчи йўлланмалар тақдим этилди.
– Туристик фирмада туроператор сифатида фаолият юритаман, - дейди Ворис Мухторов. – Тақдимот давомида Циан шаҳрининг диққатга сазовор жойларини кўриб, саёҳатга бориш истаги туғилган эди. Тадбир якунида ўтказилган танловда Циан авиарейсига чипта ютиб олдим. Насиб бўлса, бу қадимий шаҳарга бориб, унинг туризм салоҳиятини ўрганиб қайтаман.
Алишер Исроилов.