Пахтачилик ихтирочи-уста вертолёт ясамоқчи

Кўпинча ихтирочилар қишлоқдан чиқади, дейишади. Нега деганда, қийин шароитда қулайлик яратиш учун янгилик қидиришади.

Пахтачи туманидаги Қарнабота маҳалласида яшовчи Баҳриддин Худойбердиев ҳам ҳар доим одамларнинг оғирини енгил қиладиган ускуналар яратиб келган.

Қаҳрамонимиз 68 ёшда. Маҳалла аҳлининг электр жиҳозлари ва енгил автомобилларини таъмирлаш билан бирга, кичик ихтиролари ҳам бор.

- Устачилик қонимда бор, ота-боболарим ҳам уста бўлган, - дейди Баҳриддин ака. – Илк ихтироларим мактабда ўқиб юрган пайтларимда бошланган. Онам раҳматли қўлда ип йигирардилар. Ишлари осон бўлсин деб дастлаб “урчиқ” – қўлда ип йигирадиган ускуна ясаб бергандим. Кейинчалик бу ускунага электромотор ҳам ўрнатганман. Баъзан шу каби кичик ихтиролардан мураккаброғига ҳам қўл уриб кўраман.

Саккиз йил ҳайдовчилик қилдим, касб-ҳунар коллежида трактор автомобилсозлигидан дарс бердим. 23 йил “Кетмончи” конида электрик бўлиб ишладим. Бўш вақтларимда шамол генератори, холодильник, электр ускуналари, духовка, станок ва бошқа шу каби қурилмаларни ясаганман.

Бундан 10-15 йил олдин қишлоқда электр токи жуда кўп ўчарди. Шунинг учун ўзим электр ишлаб чиқарадиган шамол генератори яратдим. Ускунани ясашда енгил автомашина генераторидан фойдаландим ва 12 вольт ток берди. Уни кучлантириш учун аккумулятор қўйиб, диаметри уч метрли парракни қўлда ясадим. Ускуна 12 вольт токни 220 вольтга айлантириб берарди. Ўша вақтларда кунлаб электр бўлмаса ҳам биз кеча-кундуз ёруғ уйда, телевизор кўриб ўтирардик. Ҳозир электр анча яхшиланиб, бунга эҳтиёж қолмади.

Баҳриддин ака яқинда ҳеч қандай электр токи ва газсиз, уй шароитида ишлайдиган печь ясаган. Бу печь қишда ҳам, ёзда ҳам қуёш нури билан ишлайди ва унда овқат ҳам пишириш мумкин.

- Бир куни хориж телеканалида оилавий саёҳатга чиққан бир оиланинг қуёш нурида овқат пиширганини кўриб қолдим, - дея сўзида давом этди Баҳриддин ака. – Менда ҳам қуёш нурида овқат пишириш ускунасини яратиш истаги пайдо бўлди. Ускунани ясаш учун оддий музлаткич тунукасининг ичига “стекловата” ва алюминий фальга жойлаштирдим. Ташқи қисмини тунука билан ёпиб, том қисмига шиша ойналар ўрнатдим ва уни қуёш нури тегадиган жойга қўйдим. Ойналар ташқаридаги иссиқликни лупалар каби ичкарига олиб кирди ва 100-200 даражагача иссиқлик етказиб берди. Духовкага тухум, нон, гўшт ва бошқа таомлар пишди. Ушбу қурилмани қуёш нури ва унинг ҳаракатланишини ҳисобга олиб, каттароқ қилиб ҳам ясаш мумкин.

Баҳриддин ака билан суҳбатлашар эканмиз, у киши доим янгилик қилишни, нимадир яратгиси келишини ва яқинда вертолёт ясаб, унда учиб кўриш нияти борлигини айтди.

- Бир кишилик вертолёт ясашни режалаштиряпман, - дейди Баҳриддин ака. – Вертолёт ясаш қўлимдан келишига ишонаман. Фақат бир метр диаметрли заводда тайёрланган паррак топишим керак. Хуллас, уч метр баландликка бўлса ҳам учиш ниятим бор.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.