Қарздор ота 40 миллион сўмга яқин алимент тўлади
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг қарори билан фуқаро Бекзод Абдураҳимовдан ундирувчи Лиана Согомонованинг бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Бу ҳолат бўйича Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ижро иши юритилган. Лекин пандемия шароитида фуқаро Б.Абдураҳимов алимент тўловларини тўламасдан келаётган эди.
У билан суҳбат ва тушунтириш ишлари ўтказилиб, бугунги синов кунларида фарзандларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир отанинг бурчи экани ётиғи билан тушунтирилди. Натижада қарздор ота шу куни фарзанди таъминоти учун 39 миллион 531 минг сўм тўловни амалга оширди.
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими.
Таҳририятдан: Тушунтириш ва тарғибот ишлари давомида бунгача ҳам алмент тўловларидан қарздор бўлган бир нечта отанинг фарзанди таъминоти учун тўловларни амалга оширгани хабар қилинганди. Инсоф, айниқса, фарзанди олдида бурчини бажариш яхши амал.