Қайнона-келин можаролари ажралишларнинг асосий сабабларидан бўлиб қолмоқда

Марказимиз томонидан оилаларни ўрганиш давомида маҳалла фаолларига шундай тавсияларни бердик ва биргаликда уни амалга оширдик. Ҳақиқатан ҳам бу усул яхши натижа берди. Умуман, "Оила" илмий-амалий марказларининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилишидан асосий мақсад фақат оилаларнинг ярашишига кўмаклашиш эмас, балки оилалардаги маънавий-ижтимоий муҳитни ўрганиш ҳамдир. Ёш оилалар билан ишлаш, уларга кўмак бериш ҳам муҳим вазифаларимиздан бири  саналади.

Шу мақсадда марказимизда ҳар шанба куни "Оилалар мактаби" ташкил этилди. Унда ёш оилаларга турли мавзуларда сабоқлар ўтилиб, улардаги муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари мутахассислар томонидан билдирилади.

Барча фаолиятимиз хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда олиб борилади. Яқинда туман миқёсида ўтказилган намунали оилалар кўрик-танловига ҳам асосан нотинч, муаммоси бор оилаларни таклиф этдик.

Турли келишмовчилик, оила аъзолари ўртасидаги можароларнинг нохуш оқибатларга олиб келиши сабабларини таҳлил қиляпмиз. Шу йил давомида туман миқёсида 14 та оила ажрашиш учун ариза берган. Уларнинг аризаларини марказимиз мутахассислари билан чуқур ўрганиб чиқдик, оилаларга бориб, ажрашиш сабабларини таҳлил қилдик. Уларнинг аксарияти қайнона-келин можароси, оиладаги енгиб ўтиш мумкин бўлган майда муаммолар экан. Ҳамкор ташкилотлар билан олиб борган ишларимиз натижасида уларнинг 12 таси ярашмоқда.

Мавлуда АХТАМОВА,

"Оила" илмий-амалий маркази Ургут тумани бўлими раҳбари.