Қайта жиноят содир этган наркосавдогар қамоққа олинди
Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари вилоят божхона ҳамда ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда Ургут туманида тезкор тадбир ўтказди.
Тезкор ташкил этилган тадбир давомида олдиндан кузатувга олинган Ургут туманида яшовчи, 1966 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс 993 грамм “опий” моддасини шартли харидорга 15 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Аниқланишича, ушбу наркотик модда Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 28, 246-моддаси 2-қисми (контрабанда) ва 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Жиноят Кодексининг ушбу моддаларининг мазкур қисмларида назарда тутилган жиноятни содир этганлик учун 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.