Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қайта тикланувчи энергия манбалари: Имтиёзи қанақа, фойдаланиш тартиби-чи?

Давр талабидан келиб чиқиб, муқобил энергиядан фойдаланиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан ҳукуматимиз ҳам бу борада қатор имтиёзлар яратиб бермоқдаки, бу қайта тикланувчи энергия манбаларининг кўпайишига хизмат қилиши керак. Аммо барча бирдек бу енгиликларни тушуниб етмаяпти, айрим ҳолларда эса ундан фойдаланиш тартибини билмаётганлар бор.

Биз бу борада мавжуд ҳолат ва тартиб-тамойиллар ҳақида билиш учун вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Аловиддин Иноғомовга мурожаат қилдик.

- Апрел ойидан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари учун солиқ имтиёзлари жорий қилинганди. Айтинг-чи, 1 июл ҳолатига вилоятда қанча жисмоний ва қанча юридик шахс бу имтиёздан фойдаланди?

- Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 сентябрдаги “Солиқ тўловчиларни ҳисобга олишни янада такомиллаштириш ва қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш тартибини соддалаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Е-имтиёз” дастури ишга туширилган.

Имтиёздан фойдаланиш учун юридик шахслар шахсий кабинетидан айни дастур орқали мурожаат этиши лозим бўлади ва тегишли ҳужжатлар (корхона гувоҳномаси, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатганлик тўғрисида ҳужжатлар ва кадастр ҳужжатлари)ни илова қилади.

Умуман, Солиқ кодексининг 414-моддасига кўра, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВ ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар, улар фойдаланишга жорий этилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга солиқдан озод қилинади.

Шунингдек, 428-моддасида қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқарувчилар қайта тикланадиган энергия манбалари (номинал қуввати 0,1 МВ ва кўпроқ) ускуналари эгаллаган ер участкалари бўйича улар ишга туширилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга солиқдан озод этилиши белгиланган.

Маълумот учун, вилоятимизда юридик шахслар 6,9 миллиард сўм ер ва мол-мулк солиғи имтиёзларидан фойдаланди.

- Қайта тикланувчи электр қурилмалари орқали тармоққа электр энергияси сотиб, фойда олиш борабарида бу фойда учун солиқдан ҳам чегирма берилиши керак эди. Бироқ муштарийларимизга кўра, бу амалиёт қўлланилмаяпти. Сабаб нима?

- Вилоятда 313 та тадбиркорлик субъекти томонидан қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқарувчи ускуналар ўрнатилган. Ушбу корхоналар “Е-имтиёз” дастури орқали имтиёзлардан фойдаланиш учун мурожаат қилмаган.

Савол туғилиши табиий, ушбу тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғи юридик шахсларга қайтариладиган бўлса, маҳаллий бюджетда катта йўқотиш бўлмайдими? Унинг ўрни қайси манбалар ҳисобидан қопланади?

Қайд этиш лозимки, фойда солиғи маҳаллий бюджет даромадларини ташкил этиб, имтиёз қўлланилиши ҳисобига даромад камайиши аниқ. Бироқ унинг ўрнини инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳамда кам қувватда ишлаётган субъектларни тўлиқ ишга тушириш ҳисобига қопланади.

Ёқубжон Марқаев суҳбатлашди.

***

Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.