Қирғизистон 30 июлни коронавирус қурбонлари хотираси учун миллий мотам куни деб эълон қилди

Бу ҳақда мамлакат Президенти Сооронбай Жээнбеков маълум қилди.

“Ўттизинчи июль санаси мамлакат бўйлаб миллий мотам куни деб эълон қилинади. Бунга оид буйруқ тайёрланади,” деб таъкидлади давлат раҳбари “Биринчи радио” давлат радиостанциясига берган интервьюда.

Шу билан бирга, Қирғизистон раҳбари коронавирус инфекцияси оқибатида қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ўзининг чуқур тазиясини изҳор этди.

“Вафот этган ватандошларимнинг оила аъзоларига, яна бир бор ўзимнинг чуқур таъзиямни изҳор этаман. Яқинларини йўқотган ҳар бир ватандошимга сабр тоқат тилайман...”, деди мамлакат етакчиси.

Тақдим этилган сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистонда 25 июль ҳолатига 31 247 нафар коронавирус юқтирганлик ҳолати аниқланган. 1249 нафар бемор вафот этган.