Қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 9 декабрдаги «Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган фидойи юртдошларимиз давлат мукофотларига сазовор бўлди. Улар орасида самарқандликлар ҳам бор.

Вилоят ҳокимлигида уларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокими Адиз Бобоев соҳа тараққиёти йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, интенсив агротехник усулларни жорий этиш орқали юқори ҳосилдорликка эришиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш борасидаги ишлар ҳақида тўхталиб, юксак натижаларга эришиб келаётган соҳа фидойиларни табриклади.

Маросимда Президентимиз фармонига мувофиқ, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети профессори Дўстмуҳаммад Холмирзаев "Меҳнат шуҳрати" ордени, "Мирза-Пай" ирригация тизими бошқармаси катта муҳандис-гидротехниги Облоқул Абдулазизов "Дўстлик" ордени, Пахтачи туманидаги "Мирзаев Шуҳрат Кенжаевич" фермер хўжалигининг ғалла ўриш комбайни оператори Нурмуҳаммад Сувонов "Жасорат" медали, Самарқанд туманидаги шахсий томорқа ер эгаси Меҳрож Қодиров, Жомбой туманидаги "Жомбой агропилла" МЧЖ пиллачиси Жамила Мухторова, Каттақўрғон туманидаги "Азимхон Ризонов" кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари - Азимхон Ризонов, Паст Дарғом туманидаги "Элдор" чорвачилик фермер хўжалиги бошлиғи Эркин Шеров "Шуҳрат" медали билан тақдирландилар.