Қийин аҳволда қолган 9 нафар фуқаро Россиядан олиб келинди
- 18.12.2020 21:50
- 69
- Ўзбекистон
Жорий йилда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликда Россиянинг турли ҳудудларида мураккаб молиявий-ижтимоий ҳолатга тушиб қолган кўплаб фуқароларни чартер рейслар орқали мамлакатимизга олиб келингани ҳақида хабар берилган эди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизматининг хабар беришича, ана шундай тоифадаги фуқаролардан яна 9 нафари 17-18 декабрь кунлари Санкт-Петербург ҳамда Москва шаҳарларидан чартер рейс орқали юртимизга олиб келинди.
Таъкидланишича, Халқаро миграция ташкилоти ва мамлакатимизнинг Москва шаҳридаги элчихонаси кўмагида олиб келинаётган юртдошларимиз асосан, касалманд, ҳомиладор ва боқувчисини йўқотган фуқаролардан иборат.
Маълум қилинишича, қийин аҳволга тушиб қолган беморларга “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси томонидан самолёт бортида махсус шарт-шароитлар яратиб берилган.