Россияда аҳволи ёмонлашган бир гуруҳ ҳамюртларимизга ёрдам берилмоқда

Россия Федерациясида ҳаво ҳарорати совуб бораётган бир пайтда, ушбу давлатдаги айрим ватандошларимиз орасида ўз яқинлари ва дўстларининг ишга яроқсиз ҳолга тушиб қолгани ёки саломатлиги ёмонлашгани сабабли қийин вазиятда қолдириб кетиш ҳолатлари учраб турибди.

Шундай бўлса-да, қийин аҳволда қолган юртдошларимизга Ўзбекистон ҳукумати, хориждаги дипломатик ваколатхоналаримиз ёрдам кўрсатмоқда.

Жорий йилнинг сентябрь ойи давомида Ўзбекистон Республикасининг Новосибирк шаҳридаги бош консулхонаси ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонасига фуқаролар Х.А., И.А., К.А., П.И. турли сабабларга кўра, ишга яроқсиз ҳолатга тушиб қолгани учун Ватанга қайтарилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабарига кўра, амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида фуқароларимизга Ватанга қайтиш учун авиачипталар сотиб олиниб, Ўзбекистонга жўнатилди.

Шуни алоҳида айтиш жоизки, атрофимизда меҳнат қилаётган юртдошларимизни қийин аҳволга ташлаб қўймаслик, уларга имкон қадар ёрдам бериш ўзбек миллий урф-одатлари, анъана ва қадриятларининг ажралмас қисмидир.