Қийноқларда айбланган генералнинг Интерпол президенти этиб сайланиши ортидан қатор сиёсатчилар "ҳафсаласи пир бўлгани"ни айтмоқда
Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва бир қатор европалик сиёсатчилар Бирлашган Араб Амирликлари Ички ишлар вазирлиги генерал-майори Аҳмад Носир ар-Раиси Интерпол раҳбари этиб сайланганидан ҳафсаласи пир бўлди.
У ватанида диссидентларни қийноққа солиш ва таъқиб қилишда айбланмоқда. Франция, Буюк Британия, Норвегия, Швеция ва Туркияда ар-Раиси устидан суд ишлари бошланган.
Генерал эса мамлакати номидан дунё фуқароларига хизмат қилиш у учун шараф эканлигини таъкидлаб, барчага хавфсизликни таъминлаш учун ишлайдиган янада шаффоф, инклюзив ташкилот қуришга ваъда бермоқда.
"Ҳозирги босқичда бу айблов эканини яхши тушунамиз. Бироқ, айбсизлик презумпцияси мавжуд. Айтмоқчиманки, Интерпол Бош Ассамблеяси қарорига биноан жаноб Ар-Раиси президент этиб сайланди. Мен ижроия қўмита билан ишлашни давом эттираман. Биз бу ерда, Истанбулда ташкилот бошқаруви, хусусан, ижроия қўмита фаолияти билан боғлиқ муҳим ислоҳотларни тақдим қилдик. Ушбу ўзгаришлар ташкилот масъулияти, ҳалоллиги, шаффофлиги ва бетарафлигини кучайтиришга қаратилган", дея изоҳлади ар-Раиси сайланиши билан боғлиқ вазиятни Интерпол бош котиби Юрген Сток.
Интерпол штаб-квартираси жойлашган Рона департаментидан француз депутати Юбер Жульен Лаферьер бир неча ой давомида ал-Раиси номзодига қарши чиққан:
"Жиноятчиларни таъқиб қилувчи ташкилотга жиноят содир этганликда гумон қилинган шахс раҳбарлик қилиши мумкинми? Афсуски, бу шундай. Интерполга аъзо давлатлар бунинг имкони борлигини кўрсатди ва ташкилотга доғ туширувчи кишини танлади".
Кўпчиликнинг қайд этишича, ал-Раиси сайланиши Бирлашган Араб Амирликлари Интерпол бюджетига 50 миллион евро юборганидан кейин содир бўлган. Шу билан бирга Интерпол низомига кўра, ташкилот президенти фақат вакиллик функцияларини бажаради, барча ваколат Бош котиб Юрген Стокда қолади.