Қизининг “қотил”ига айланган ота. Суд унга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлади
Албатта, аслида жабрланувчи, лекин қонуний жиҳатдан олганда айбдор бўлган отанинг ҳолати ачинарли. Аммо айни дамда бу кўпчилик, деярли ҳамма учун ибратли бўлади, деб ўйлаймиз. Негаки, фарзанд доғи осон эмас. Камига пуштикамаридан бўлган боласини ўзи ҳалок қилса.
... Ўша куни Азиз машинасига ёқилғи қуйиш мақсадида кўчага чиқаётганди. Дам олиш куни, бирйўла фарзандларини ҳам айлантириб келиш учун уларни машинага чиқариб олди. Болалар онаси билан орқа ўриндиққа жойлашди. Улар дадаси машинасида айлантириб келишини билгач, хурсандлигидан бир-бирини ўйнаб турткилар, кулишар, айниқса, қизларнинг энг кичиги Мадина хурсандлигидан чучук тилда уларга тинмай савол берарди:
- Йостдан ҳам айланишга обояяпсизми, дадажон?
- Ҳа айланишга, сенга нима олиб берай, қизим, - деди Азиз ҳам унинг ширин гапиришидан завқланиб.
- Аввал опамлай айтсин, мен ўйлаб олай, дўконга етканимизда айтаман, -дея эркаланди у.
- Хўп, - деди дадаси ҳам унинг раъйига қараб.
Улар машинага ёқилғи қуйганидан сўнг, катта йўлга чиқиб олди.
Болалар энди ким нима олмоқчи экани ҳақида бир-бирлари билан баҳслашар эди. Мадина уларнинг беозор жанжалига аралашмас, машина ойнасидан атрофни томоша қилар, баъзан ўзи кўриб, ҳайратланган нарсаларни гап талашаётган опаларига ҳам кўрсатишга уринарди. Аммо энг муҳими нима олишини манзилга етгунча дадасига айтиши керак эди. У кўпроқ шу ҳақда ўйларди.
Азиз кеч бўлаётганини кўриб шошаётганди. Уйга бориб ҳам қиладиган ишлари кўп. Машинанинг тезлигини бироз оширди. Аммо олдинда тиркамали юк машинаси бир меъёрда кетарди. "Бу кетишда қачон етиб бориш мумкин", ўйлади у. Машинанинг тезлигини оширди-да йўлнинг биринчи қаторига чиқмоқчи бўлди. Аммо чап ёнидан катта тезликда келаётган машинани кўрди-ю бирдан фикридан қайтди ва энди рулни ўнгга буриб, машинани аввал келаётган қаторга қайтарди. Бироқ у тезликни пасайтирмаган, боядан бери бир хил тезликда келаётган тиркамали юк машинаси ҳали унинг ёнгинасида эди. У хатога йўл қўйганини билди-ю тормозни босди. Аммо энди кеч...
Машина катта тезликда тиркама остига кириб кетди...
Ён-атрофдан кишилар ёрдамга шошилди. Орқа ўриндиқда ўтирган хотини ва иккала катта қизи бироз жароҳат олган, кичкина Мадинанинг аҳволи оғир эди. Азиз қўрқиб кетди. Зудлик билан йўловчи машинада шифохонага олиб борди.
Шифокорлар имкон даражасида муолажа қилди, уни сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Афсуски, бир неча кунги оғриқдан сўнг орзулари бисёр жажжи қизалоқ бу ёруғ оламни тарк этди. У нима олишни ўйлаб қўйганди. Аммо дадасига айтишга улгурмади...
Судда даъвогарнинг ҳам, жавобгарнинг ҳам дарди, истаги бир эди. Қани энди шу фалокат содир бўлмаса, Мадина бошқа қизлари қаторида уларнинг бағрида ўйнаб-кулиб юрса. Аммо бир сониялик эҳтиётсизлик, шошқалоқлик Азизни бир умрлик надомат исканжасида қолдирди.
Жиноят ишлари бўйича Булунғур тумани суди суд мажлисида ўз фарзандининг “қотили” – Азизнинг қилмиши атрофлича муҳокама қилиниб, унга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Сулаймон Мардиев.