Қўл меҳнати ҳар доим қадрли: Оқдарёлик ҳунарманд хонадонида
Оқдарё туманининг Турон маҳалласида яшовчи Мақсуд Бекназаров кўп йилдан буён дурадгорлик билан шуғулланган бўлса-да, яқинда читгарлик ишини бошлади.
- Болалигимдан дурадгорликка қизиқардим, - дейди Мақсуд. - Йигирма йилча аввал қишлоғимизга яқин бўлган уста-дурадгорга шогирд тушиб, ҳунар сирларини ўргандим. Шу ҳунар ортидан даромад топиб, уста номини олдим. Уч йил аввал Самарқанд шаҳрида читгарлик билан шуғулланувчи ҳунармандга матога нақш солиш учун ўйма қолип ясаб бердим. Унинг ишини кўриб, читгарлик ҳунарига ҳавасим тушди. Бир йигитга қирқ ҳунар оз. Ўймакорлик қўлимдан келади, нақш солишни биламан, шу ҳунарни ҳам ўрганишга астойдил киришдим.
Пахта ёки ипакдан тўқилган матога гул босиш сиртдан оддий кўринса-да, аслида сермашаққат иш. Бу жараёнда уста қолипдаги гулларни бир-бирига мослаш орқали фавқулодда нафис шаклу шамойиллар ҳосил қилади. Шу сабабданми, ҳунарманднинг айтишича, бу қадим иш билан нафақат вилоятда, мамлакатимизда ҳам саноқли кишиларгина шуғулланади. Читгарлар бўёқни ўзлари тайёрлайди. Шубҳасиз, бу ҳол улардан муайян кимёвий жараёнларни билишни, унча-мунча нақш санъатидан хабардор бўлишни ва сабр-тоқатни талаб қилади.
- Читгарлик бирмунча мураккаб иш бўлганлиги туфайли нақш ва дизайнерликдан хабарингиз бўлиши керак, ушбу нозик ишнинг барини ўзим бажараман, - дейди Мақсуд. – Маҳсулотларимиз анъанавий услубда, қўл меҳнати билан тайёрланади. Бошқа газламалардан алоҳида хусусияти унинг табиийлигида. Матога гул босиш учун тайёрланадиган бўёқлар ҳам мутлақо табиий. Турли табиий гиёҳлар аралашмасидан иборат бўёқлар баъзан тайёр бўлиши учун уч ойгача вақт кетади. Шу сабабдан мато эскиргунча хиралашмасдан, ранги ўчмасдан сақланади. Тайёр ҳолатга келтирилган матодан тикувчиларимиз турли бежирим либослар, аёллар сумкалари тикади. Буюртмалар асосан Самарқанд шаҳридага ҳунармандчилик маҳсулотлари билан савдо қилувчи дўконлардан бўлади.
Бежиримлиги, қўлланишда қулайлиги ва ҳамёнбоплиги билан читгарлик матоларига ўтмишда талаб юқори бўлган. XIX аср охири XX аср бошларида урф бўлган бундай маҳсулотлар саноат газламалари пайдо бўлиши билан унутилган эди. Яқин йилларда эса бу каби миллий ҳунармандчилик маҳсулотларига яна талаб ошди.
- Бунга сабаб юртимизда туризмга катта эътибор берилаётганидан, - дейди ҳунарманд уста. - Хорижликлар бизнинг миллий анъаналаримизни ўзида акс эттирган ҳунармандчилик маҳсулотларимизнинг тарихийлиги ва табиийлигини ниҳоятда қадрлашади. Ҳатто бир неча марта франциялик, япониялик сайёҳлар устахонамга келиб, кийимбошлар, шарф, қўл сумкаси, турли нақшли буюмларнинг тайёрланиш жараёни билан бевосита танишди.
Ҳунарманд ташкил қилган цехда бугун 8 нафар қишлоқ аёллари иш билан банд.
- Бу иш фарзанд тарбияси, рўзғор юмушларидан ажралмаган ҳолда бажариш имкони борлиги билан қулай, - дейди читга солинган нақш устидан гул тикаётган Умида Ҳамроқулова. – Уйимизга яқин, рўзғордан ортишим билан шу ерга келаман. Кунига ишимга қараб, 80-100 минг сўмгача иш ҳақи оламан.
Юртимизда сайёҳлик соҳаси ривожланаётгани чекка ҳудудларда бу каби қадимий ҳунармандчилик ишларининг қайта жонланишига туртки бўлаётгани қувонарли. Бу бир томондан аҳолининг қўшимча даромад топишида, шу билан бирга миллий анъаналаримизни тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга.
- Баъзида ялтир-юлтур буюмларга учганлар “Шунча меҳнат нега керак, буни ким ҳам оларди?” деб шаштимни туширмоқчи бўлади, - дейди ҳунарманд ёғоч қолипда матоларга нақш солар экан. - Асл нарсанинг ҳамма вақт ўз харидори бор. Шу ҳунарнинг ичида улғайдим. Ишимиз юришиб, даромадимиз ҳам йилдан-йилга ортиб боряпти. Ўтган йил оиламиз билан шу ҳунар ортидан 100 миллиондан ортиқ даромад қилдик, бир нечта хотин-қизларнинг рўзғорига қўшимча маблағ олиб киришига сабабчи бўлдик. Энг муҳими, ҳунарим ортидан мамлакатимизни дунёга танитишда озгина бўлса-да, ҳиссам қўшилаётганидан фахр туяман.
Сулаймон Мардиев,
Жасурбек Шукуров (сурат).