Қўлга тушмас қор одамлари: улар ҳақиқатда борми?
Яқинда Ҳиндистон армиясининг ҳарбийлари Ҳимолай тоғларида «қор одам»нинг сирли изларини топишганлигини эълон қилдилар.
Ҳиндистон мудофаа вазирлигининг маълумотларида, ҳарбий экспедиция альпинистлари «дунё томи» - Ҳимолай тоғларига кўтарилганларида сирли «қор одам»нинг изларини кўрганликлари ҳақида қайд қилинган. Экспедиция аъзолари Непалдаги баландлиги жиҳатидан жаҳонда бешинчи ўринда турувчи Макалу чўққисида бўлганларида 81×38 сантиметрдан ҳам йирикроқ бўлган оёқ изларини кўришган. Аммо, қатор тадқиқотлар ўтказиб аниқ маълумотларга эга бўлишмасдан оммага хабар бермасликка қарор қилишди. Ниҳоят, текширувлар қордаги сирли излар Ҳимолай тоғларида одамга ўхшаш мавжудот - «йети»ларга тегишли эканлигини исботлашди.
Маҳаллий ҳинд журналистларининг хабарларига қараганда, номаълум излар суратга олиниб, тадқиқот олиб бориш мақсадида соҳа олимлари қўлига топширилган. Аммо, ҳарбийлар бошқаларнинг ҳам эътиборини жалб қилиш учун қор одамнинг фотосуратларни эълон қилишди. Суратларни кўрганларнинг аксарияти «йети»нинг оёғи битта бўлиб, сакраб-сакраб ҳаракатланган ёки худди модель қизларга ўхшаб оёқларини бир чизиқда ташлаб юрган, деган фикрда. Бошқалари эса қор одамларнинг борлигини исботлайдиган ишонарли далил ва исбот қилинмаганлигини иддао қилишган. Энг кўп билдирилган фикрлар эса бир нечта мутахассислар сирли излар топилган жойларни қайтадан бориб ўрганишни таклиф қилишган.
- Бу қўлга тушмас қор одамларини Макалу-Барун миллий боғи ҳудудида илгари ҳам бир марта кўришган эди, - дейилади ҳинд ҳарбийлари тарқатган маълумотда.
Дунёнинг турли бурчакларида қор одамни кўрганликлари ҳақида тез-тез хабарлар тарқалади. Масалан, АҚШда 1921 йилдан то 2013 йилгача бўлган даврда 3313 та худди шу каби воқеалар бўлганлиги қайд қилинган. Аммо, кўпсонли экспедициялар ташкил этилиб, илмий-тадқиқот ишлари олиб борилган бўлса-да, олимлар «йети»ларнинг борлигини исботловчи аниқ далиллар топа олишмаган. Зора, кинофильмлар ишлашда жаҳонда биринчи ўринда турган ҳиндлар қор одамни топишда ҳам биринчи бўлса қанийди?
Хўш, сиз нима дейсиз ростдан ҳам қор одам борми?
Дилмурод ТЎХТАЕВ тайёрлади.