Қўлсиз ва оёқсиз чемпион

Тиззасигача оёқсиз, тирсагигача қўлсиз ҳолда туғилган, умри болалар уйида ўтган Михаил Асташов кўнглини чўктирмади, инсон иродали бўлса ҳаётда ўз ўрнини топишига ишонди. Бугун у моҳир пара-спортчи. Токиода ўтадиган паралимпиада ўйинларида иштирок этишни ният қилган. 31 ёшда Россия чемпиони, паратриатлон бўйича жаҳон кубоги ғолиби.

Аввалига Бурятияда гўдаклар уйи, кейинчалик Челябинск областидаги Кусе шаҳарчасида соғлиги нуқсонли болалар уйи унинг “бешиги” бўлди. “Врачлар ота-онамга узоқ яшамаслигимни айтишгач, улар мендан воз кечиб кетишган, - деб хотирлайди Миша. – Бошқа болаларнинг ота-оналари уларни кўргани келиб туришар, мени эса ҳеч ким йўқламас эди. Лекин ота-онамдан хафа эмасман”.

Миша 18 ёшда болалар уйидан учирма бўлганида махсус хизмат ходимлари у ногиронлар уйига эмас, оиласи бағрига қайтиши учун, ота-онасини излаб топишди. “Ота-онам бизни кечиришмайди, деб жуда ҳаяжонланишди, бироқ мен уларни кўриб хурсанд бўлдим. Ҳозир бошқа-бошқа яшасак-да, учрашиб турамиз, қувончу ташвишларни баҳам кўрамиз, ўз оиланг бўлиши қандай яхши”.

Болалар уйида турли спорт тўгараклари бор эди. Михаилга бадминтон ёқиб қолди. У оёқда протез билан юрса-да, қўлларида протези йўқ эди. Қийинчилик, оғриқларга қарамай икки қўли билан ракеткани ушлашни ўрганиб олди, мураббий йўқ, ҳаммасини ўзи ўрганишига тўғри келди. Биринчи мусобақа... у ғолиб чиққанида севинчининг чеки йўқ эди. Унда ўзига ҳамма қатори яшашга, қувонишга, орзу қилишга, ҳаётдан баҳра олишга ишонч уйғонди.

Михаил Бурятияга қайтиб келгач, моҳир мураббийлар қўлида спорт билан шуғулланишга жиддий киришди. Спорт унинг иродасини тоблади, ҳаётининг мазмунига айланди. Махсус мосламали велосипед ҳайдашни ўрганди, сузишда, теннисда мукаммаликка эришди. Ҳатто Россия чемпиони, спорт устаси бўлди.

Михаил институтда ҳам таҳсил олди. Аммо ўзини спортга бағишлашга қарор қилди. Алоҳида яшайди. Ҳамма нарсани ўзи бажаради. Мисол учун, авторучкани икки қўллаб ушлаб ёзади, гаджетларни осонгина ишлатади. Егуликни ўзи тайёрлайди.

У ҳеч қачон нолимайди, атрофдагилар ўзига тенг кўриб муносабатда бўлишади.

Ҳозир Михаил триатлон ва сузиш бўйича Россия терма жамоаси аъзоси. "Инсоннинг қандай яшаши ўзига, олдига қўйган мақсади, унга эришиш учун иродали бўлишига боғлиқ. Мен ҳамма қатори яшаётганимдан бахтиёрман", дейди Михаил “Мир новостей” (2020 й, 29-сон) ҳафтаномаси мухбири Марина Лепинага.

Тоғаймурод Шомуродов тайёрлади.