Қон босимини оширмасликнинг йўллари борми?
Ота-онам қон босимидан азият чекади. Кўпчилик бу хасталик наслдан ўтади, дейишади. Қон босими хасталигининг олдини олиш учун кўпроқ нималарга эътибор бериш керак?
Д.МАЛИКОВ,
Самарқанд тумани.
Артериал гипертония – қон босими кўтарилиш синдроми хафақон касаллигидир. Систолик қон босими 140 миллиметр симоб устуни, диосталик қон босими 90 миллиметр симоб устуни бўлиб, у муқим сақланиб турса ва ундан баланд бўлса, артериал гипертония ташхиси қўйилади. Касаллик 90 фоиз ҳолатда бирламчи гипертония ёки хафақон касаллиги ҳисобига, 10 фоиз ҳолатда бошқа аъзо ва тизим хасталиклари натижасида пайдо бўлади.
Хафақон хасталигида беморлар асосан бош оғриғига, бош айланиши, хотира бузилиши, бошда шовқин, кўз олди қоронғилашиши, юрак соҳасида оғриқ, юз ва оёқларда шиш, таъсирчанлик, тез чарчаш, тушкунликдан шикоят қиладилар. Юқоридаги шикоятлар безовта қилса, шифокорга мурожаат қилиш керак. Хафақон хасталигига чалинган беморлар ош тузи истеъмолини камайтириши, таомномасидан ёғли овқатларни чиқариши, жисмоний фаолликни ошириши, ортиқча вазнни камайтириши, қонда қанд ва холестерин миқдорини камайтиришга ҳаракат қилиши лозим. Хафақон хасатлигини даволашда бу тадбирларнинг аҳамияти ката. Ҳатто 50 фоиз ҳолатда бу амаллар юмшоқ гипертония ҳолатида беморларнинг қон босимини тушириши мумкин. Касалликни даволаш учун айни пайтда клиникамизда Су Джок терапия ва биологик фаол нуқталарга таъсир этиш усули орқали самарали натижаларга эришилмоқда.
Саволга Самарқанд вилояти кардиология диспансери кардиологи Акрам НУРМУРАТОВ жавоб берди.