Қонунчиликдаги ўзгаришлар судьяларга тушунтирилди
Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги ҳамкорлигида “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” мавзусида семинар ўтказилди.
Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришлар мазмун-моҳиятини тушунтириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар тарғиботига бағишланган семинарда Самарқанд вилоят суди ва вилоят маъмурий суди судьялари, тизим масъул ходимлари иштирок этди.
Семинарда суд ишларини юритиш соҳасидаги қонунчилик янгиликлари, суд қарорларини қайта кўриш институтларидаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Соҳадаги ўзгаришлар асосида келгусидаги фаолият мезонлари белгилаб олинди.
– Семинардан кўзланган мақсад суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришлар, қонун ҳужжатларидаги янгиликларни тизим ходимларига батафсил тушунтириш, қонунчиликдаги ислоҳотларни амалиётга татбиқ этишда юзага келаётган муаммолар, мунозарали масалаларни аниқлаган ҳолда Олий суднинг қонунчилик ташаббуси асосида уларни ҳал этиш, янги қонун ҳужжатларини қабул қилиш бўйича ишларни амалга оширишдан иборат, – дейди Олий суднинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Шербек Назаров. – Семинар давомида янги қонун ҳужжатлари бўйича атрофлича фикрлашдик. Яъни, апелляция ва кассация инстанциялари тўлиқ ислоҳ этилиб, илғор хорижий тажрибаларга мувофиқлаштирилганлиги, суд ишларини кўришда назорат инстанцияси тўлиқ бекор қилинганлиги, шунингдек тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги принципини таъминлаш бўйича проссецуал кодексларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлиги халқаро ташкилотлар, экспертлар томонидан эътироф этилаётганлиги таъкидланди. Галдаги вазифа ушбу ўзгаришларни амалиётга кенг татбиқ этган ҳолда жамиятда қонун устуворлигини таъминлашдан иборат. Бу халқаро рейтингларда мамлакатимиз нуфузини оширишга хизмат қилади.
Семинарда судьялар соҳадаги ўзгаришларни атрофлича ўрганиб, фаолиятларидаги мавжуд мунозарали вазиятларни ҳал этиш борасида тегишли тушунчаларга эга бўлди.
– Бугунги семинарда маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчилик бўйича янгиликлар ҳақида маълумотларга эга бўлдик, - дейди вилоят маъмурий суди судьяси Азиз Тошпўлатов. – Маъмурий суд асосан, фуқароларнинг давлат органлари ва маъмурий идоралар томонидан бузилган ҳуқуқлари, манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тузилганлиги боис жойларда туманлараро судлар тузилди. Бунда судлар, судьялар фаолиятига давлат ташкилотлари томонидан таъсир ўтказишга йўл қўймаслик назарда тутилган. Бу ҳам қонун устуворлигини таъминлашдаги асосий мезонлардан бири ҳисобланади. Семинар давомида айни жараёнларда юзага келаётган ёки кутилаётган бошқа ҳолатлар бўйича батафсил сўз юритилиб, етарлича тушунча берилди.
Семинар якунида судьялар томонидан суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлар самарадорлигини ошириш бўйича қатор таклифлар билдирилди.