Қорасув масканидаги 82-мактаб эртага ишга тушади, тўртинчи чоракдан дарслар бошланади

Бу ҳақда журналист ва блогерлар учун ташкил этилган пресс-турда маълум қилинди.

Самарқанд шаҳар Қорасув маскани Шодиёна маҳалласида 1,2 гектар ер майдонида қурилган мактаб 1680 ўринли бўлиб, уни қуриш учун давлатимиз томонидан 37 миллиард 100 миллион сўм маблағ ажратилган. Ушбу таълим муассасаси биносининг қурилиш ишлари “Темир қалқон” МЧЖ ва “МEЪМОР КОМПЛEКС” МЧЖлар томонидан амалга оширилган.

- Қорасув масканида аҳоли жуда кўп, шунинг учун ҳудудда яна битта мактаб ҳам қуриляпти, бу мактаб 2025 йил сентябрь ойидан ишга тушади, - деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов. – Шунингдек, ушбу масканда 1100 ўринли хусусий мактаб ҳам қуриляпти. Аммо булар етарли эмас, ҳудудда болалар жуда кўп. Шунинг учун келаси йилга Қорасув масканида яна битта мактаб қуришни режалаштиряпмиз.

Пресс-тур давомида журналистлар янги ишга тушаётган мактаб биноси ва унда яратилган замонавий ўқув хоналари билан танишди.

- Масканда педагоглар ҳам жуда кўп, бир ой олдин 670 нафар ўқитувчи талабгор сифатида ишга кириш учун ариза топширди, - деди мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Низомиддин Одилов. – Танлов асосида талабгорларнинг 67 нафари ушбу мактабга ишга қабул қилинди. Тест синовида 70 баллдан паст тўплаган педагогни ишга қабул қилмадик, яъни энг билимли ўқитувчилар ишга олинди. Бундан кейин янги мактаб қайси ҳудудда очилишидан қатъий назар педагоглар танлов асосида ишга қабул қилинади.

Янги очилаётган 82-умумий ўрта таълим мактабига ҳудуддаги 80-, 81-мактаблардан болалар қабул қилиняпти. Айни пайтда 700 нафарга яқин бола мактабга қабул қилинган, қабул давом этяпти.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.