Қўрқманг, почтани олаверинг!

Кейинги пайтда бир қатор давлат органлари карантин муносабати билан почта жўнатмалари ва даврий матбуот нашрларини қабул қилишни тўхтатгани, фақатгина электронт кўринишдаги ҳужжатларни қабул қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Мазкур ҳолатга Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳам эътибор қаратиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура, вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларига хат юборди.

Вазир ўринбосари имзоси билан йўлланган хатда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг “Почта алоқаси тўғрисида”ги қонунининг 17-моддасига биноан почта алоқаси тармоғи орқали почта ва курьерлик жўнатмаларини жўнатишга доир чекловлар қонун ҳужжатларида белгиланади.

Республика комиссияси ҳамда Бутунжаҳон почта иттифоқи ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан почта алоқаси хизматларини ва даврий матбуот нашрларини чоп этишни тўхтатиш, почта жўнатмаларини чеклаш тўғрисида қарорлар қабул қилинмаган. Шунингдек, Республика санитария-эпидемиология назорат Давлат инспекцияси раҳбарининг почта жўнатмалари вирус ташувчи восита ҳисобланмаслиги тўғрисидаги ахбороти мавжуд.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Сиз ва ҳудудий бўлинмаларингиз манзили бўйича почтальонлар томонидан етказиб берилаётган почта жўнатмаларининг қабул қилиниши бўйича тегишли кўрсатма беришингизни сўраймиз, дейилади хатда.

Шунингдек, хатда “Ўзбекистон почтаси” АЖ томонидан почта жўнатмаларини саралаш ва манзилиги етказиб бериш жараёнида тегишли санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинаётгани эслатилган.