Қўшработ. Қийқим. 462-контур. Ер кимники, нега унда боғча қуриб бўлмайди?
Қўшработ туманидаги Қийқим қишлоғида яшовчи Ҳамроқул Ҳотамов, мана, бир неча ойдирки, турли идораларга шикоят хатлари ёзмоқда. У қишлоқ ўртасидаги 462-контурнинг бўш турган ва давлат захирасидаги ерда давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилоти қуриш учун туман мутасаддилари қаршилик қилаётганини айтяпти.
Олдиндан айтиш мумкинки, ўрганиш давомида масъуллар мурожаатни “ёпиш”нигина исташаётгани, гарчи мурожаатчининг талаблари нотўғри бўлса-да мавжуд муаммоларга кўз юмиб келаётганига гувоҳ бўлдик. Ердан фойдаланиш, 3-7 ёшли болаларнинг мактабгача таълимга қамрови ачинарли аҳволда бўлишига қарамай, масъулларнинг бу муаммоларни четдан кимдир келиб ҳал қилиб бериши керакдек ҳаракат қилаётгани ажабланарли...
Боғча ҳам йўқ, аниқ режа ҳам
Қийқим маҳалласи оқсоқоллари берган маълумотга кўра, ҳудудда 8 минг нафарга яқин аҳоли яшайди. 250 нафари боғча ёшидаги болалар. Хўш, уларнинг қанчаси мактабгача таълимга қамраб олинган?
- 190 нафари боғчага боради, - дейишди маҳалла фаоллари.
Туман мактабгача таълим бўлими мутасаддилари маҳалладаги 100 нафар бола мактабгача таълим ташкилотига қамраб олинганини маълум қилди. Улар бу фикрни ҳудуддаги 50 ўринли давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти борлигига таяниб айтишди.
Қишлоқ четидаги катта йўлнинг қарама-қарши томонида жойлашган муассасада бўлганимизда эса мудира 50 нафар болажонлар таълим-тарбия олаётганини билдирди.
- Мактаб ёшидаги болалар бепул жалб этилгани ва гуруҳлар сони кўпайтирилгани ҳисобига тарбияланувчилар 100 нафарга етади, - дейди туман МТМ бўлими юристи Алишер Қаршиев. - 2022 йилда ҳудудда давлат дастури асосида 100 ўринли мактабгача таълим ташкилоти қуриш бўйича таклиф берганмиз.
2022 йилда?! Хўп, шу кунларга етказса кўрармиз, аммо бу ёқда ҳали у таклиф ўтадими, деган масала ҳам бор. Бироқ одамни бир ўй қийнайди: мабодо шу таклиф амалга ошган тақдирда ҳам ҳудуддаги болалар тўлиқ қамраб олинмайди-ку. Яъни, бу билан мактабгача таълимга бўлган бугунги эҳтиёжни ҳам қондиришнинг иложи йўқ-ку. 2022 йилда ҳудуддаги болажонлар сафига укалари ҳам қўшилиб, улар ҳам акалари сингари мактабгача таълимдан бебаҳра қолаверадими?
Афсуски, бу саволимизга ҳам мутасаддилардан тайинли жавоб ололмадик. Аниқроғи, улар сукут сақлаб вақтни ўлдиришни лозим топишди.
- Давлат боғчасини қуриш катта маблағ ва турли масалаларга ечим топишни талаб қилади. Хусусий боғча қураман, деган тадбиркорлар ҳам йўқдир. Аммо одамларнинг уйида оилавий боғча ташкил қилиб, муаммога ечим топишнинг иложи ҳам йўқми?
- Оилавий боғчалар бўлиши керак, - туман МТМ бўлими юристи, саволимизга савол билан жавоб қайтараркан маҳалла фаолларига юзланди. Улар эса индамай, елка қисиб қўяқолишди. - Ака, сизни тушунмадим, Ҳамроқул ака боғча керак демаяпти, ерни олиб беринглар, боғча қураман, деяпти.
Мурожаатдан муддао нима?
Тўғри, Ҳамроқул Ҳотамовга қишлоқда боғча бўлиши ёки бўлмаслиги муҳим эмас. У 462-контурнинг ўртасида хусусийлаштириб олинган ва унумли фойдаланилмаётган 1,25 гектар майдонни давлат захирасида, деб ҳисоблаяпти. Унга эгалик қилаётган фуқаронинг бу ерга ҳаққи йўқ, деган важни билдирмоқда.
- Қишлоғингизда аукцион савдосига чиқарилган 3 та ер майдони бор экан, марҳамат, шулардан бирини сотиб олинг, - дейди туман МТМ юристи Алишер Қаршиев. – Мактабгача таълим ташкилоти қураман, десангиз, биз сизга йўл-йўриғини кўрсатамиз. Кредит олишда кўмаклашамиз.
- Нега мен қуришим керак, мана, қишлоқ марказида бўш ер турибди, боғчани давлат қурсин, - дейди Ҳ.Ҳотамов. – Агар бу ердан боғча қурилса, қўшни қишлоқлардан ҳам болалар келиб-кетиши учун қулай. Барибир яқин атрофда боғча йўқ-ку.
Туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ходимлари Ҳ.Ҳотамовга тегишли уйнинг жанубий томонида, аниқроғи, йўлнинг қарама-қаршисида жойлашган бу ер давлат захирасида эмаслигини билдирди. Улар бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ва бошқа бир нечта ташкилотга жавоб хатлари ёзган, шу ерда видеолавҳа тайёрлаб, республика ташкилотига ҳам тақдим этган.
- Сизлар билан иш битмайди барибир, менга Тошкентдан текширувчи келиши керак, - дейди Ҳ.Ҳотамов. – Биринчи марта ёзганимда, бу ерда янтоқ ўсиб қаровсиз бўлиб ётганди. Бирдан мош экиб қолишди. Нега? Чунки, ерни ноқонуний эгаллаб турибди.
Агар сезган бўлсангиз, масаланинг туб илдизи ўзаро келишмовчиликда. Иккала томонга ҳам болалар боғчаси керак эмас...
462-контур давлат захирасидами, йўқми?
Бизнингча, бу масалани ҳуқуқ-тартибот органлари, хусусан, прокуратура жиддий ўрганиб кўриши шарт. Негаки, ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг Қўшработ филиали ходимлари барча мурожаатларга бу ер қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган, унумдор ва суғориладиган жой, деган асоссиз жавобни тақдим этиб келмоқда.
Мазкур масала юзасидан туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев билан учрашганимизда, “Қўшработда сувли ер бормикан?”, дея саволимизга савол билан жавоб қайтарди.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, мурожаатчи талаб қилаётган жойдан гарчи сувсиз жой бўлса-да, боғча қуриб бўлмайди. Чунки айни кўрсатилган ердан фойдаланилмаётгани билан атрофда узум токлари гуркираб турибди. Демакки, ер унумдор, яъни кадастр ходимлари таъкидлаётганидек, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган майдон.
Дарвоқе, Ҳ.Ҳотамовнинг айтишича, бўш турган майдоннинг тўрт томонидаги токзорлардан бири айнан унинг ўзига - Ҳ.Ҳотамовга тегишли.
Масалани ўрганиш давомида туман мутасаддиларига 462-контурдаги ер майдонларининг тўлиқ ҳужжатларини сўрадик: қайси кимга, қачон, нима асосда ва қандай мақсадда берилган?
Афсуски, “яхши”, деб жавоб берган мутасаддилардан дарак бўлмади. Туман ҳокими қабулида бўлганимизда ҳам айни муддаони билдирдик. Топшириқ олган ходим эса фақатгина Ҳ.Ҳотамов бўш турган, дея иддао қилаётган майдон Салоҳиддин Очиловга тегишли эканлиги ҳақидаги ҳужжатларни тақдим қилди, холос.
Аммо қайд этиш лозимки, 462-контурдаги 1,25 гектар ер майдони С.Очиловга тегиши эканлиги ҳам шубҳали. Тўғри, ижара ҳуқуқи билан тегишли эканлиги тўғрисида 2004 йил 26 декабрдаги кадастр ҳужжати, унга асос бўлган туман ҳокимининг 1996 йил 3 июлдаги хусусий мулк қилиб сотиш ҳақидаги қарори, 2004 йил 24 декабрдаги “Оқтепа” ширкат хўжалиги билан тузилган шартнома бор. Бироқ суриштирувимиз давомида “Оқтепа” ширкат хўжалиги раисининг ушбу ерни аукцион савдосига қўйиш тўғрисида айнан ўша куни, яъни 2004 йил 14 декабрь куни С.Очиловга 1,25 гектар боғ сотилгани учун хусусийлаштириб бериш тўғрисида хат чиқарганига гувоҳ бўлдик.
Сотилган ёки сотилмаганига кўз юмган тақдирда ҳам бошқа бир ҳужжат янада ажаблантирди. Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси 2002 йилда қайд қилинаётган майдондаги олчазор ўрнида токзор ташкил қилиш шарти билан уни бузишга рухсат берган. Аммо бугун С.Очиловга тегишли ер тап-тақир майдон бўлиб турибди. Камига бу ерда уй-жойнинг пойдевори қурилган.
Ўйлаймизки, ерларнинг ноқонуний ўзлаштириб олинишига қарши кескин кураш олиб бораётган прокуратура ходимлари бу масалага ҳам бефарқ қарамайди.
Ёқубжон МАРҚАЕВ,
“Зарафшон” мухбири.