Қўшработда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати яхшиланяпти, аммо шифо масканларида олий маълумотли врачларга эҳтиёж бор
Чекка ҳудудларда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун оилавий поликлиника ва шифокорлик пунктлари замон талаблари асосида жиҳозланган, замонавий тиббиёт ускуналари ҳамда зарур дори-дармон воситалари билан таъминланиб, малакали шифокорлар жалб қилинган бўлиши керак. Хўш, вилоятнинг олис туманларидан бири – Қўшработда бундай шароитлар яратилганми?
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан туманда ташкил этилган пресс-турда журналист ва блогерлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Дастлаб туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Улуғбек Шамсиев 2022-2023 йилларда соҳада амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди. У.Шамсиевнинг таъкидлашича, туманда битта марказий шифохона, битта кўп тармоқли марказий поликлиника ва унинг Жўш филиали, 2 та оилавий поликлиника, 12 та оилавий шифокорлик пункти бўлиб, маҳаллаларда 21 та тиббиёт контейнерлари фаолият кўрсатмоқда.
Кейинги йилларда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Жонбулоқ оилавий шифокорлик пункти "Обод қишлоқ" дастури асосида 800 миллион сўм маблағ эвазига капитал таъмирланди. Тоз, Оқчопсой ва Оқмачит оилавий шифокорлик пунктлари эса 4,7 миллиард сўм, Пангат, ҳамда Қўшработ оилавий шифокорлик пунктлари инвестиция дастури асосида 3,7 миллиард сўмга янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди ҳамда уларнинг ҳар бири 16 турдаги замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган.
Жорий йилда Қовунчи оилавий шифокорлик пункти 1,5 миллиард сўм ҳомийлик маблағлари ҳисобидан янгидан қурилиб, ҳудудда аҳолига тиббий хизмат сифатини ошириш учун тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилган. Шу билан бирга, марказий шифохонанинг моддий техник базасини яхшилаш мақсадида “Ташаббусли бюджет” маблағи ҳисобидан 1,2 миллиард сўм ажратилиб, тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган. Бирлашманинг ички касалликлар, асаб касалликлари, жарроҳлик, гинекология, реанимация, болалар касалликлари ва оперблок бўлимлари ҳам тўлиқ таъмирдан чиқарилган.
Пресс-тур давомида иштирокчилар туман марказидан 80 километр узоқликда жойлашган Оқчопсой оилавий шифокорлик пункти фаолияти билан танишди.
- Пунктимизда 2 нафар шифокор, 6 нафар патронаж, 4 нафар кундузги стационар 3640 нафар аҳолига хизмат кўрсатмоқда, - дейди ушбу оилавий шифокорлик пункти мудири Қаҳҳор Ғофуров. – Бу ерда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, бино қиш кунлари кўмир билан иситилади, таъмирланган, зарур дори-дармонлар захираси бор, аҳоли учун тез тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган махсус "УАЗ" автомашинаси билан таъминланган. Шунингдек, 535 нафар аҳолига хизмат қилаётган замонавий Оқчопсой маҳалла тиббиёт пункти ҳам фаолият кўрсатмоқда.
Кейинги манзил туман марказидан қарийб 100 километр узоқликда жойлашган Жонбулоқ маҳалласидаги замонавий оилавий шифокорлик пункти бўлди. Ушбу тиббиёт пункти 20 километр радиусда16 қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатмоқда.
- Уч йилдан буён шу ерда ишлайман, - дейди Жонбулоқ оилавий шифокорлик пункти мудири, ургутлик Миразиз Сатторов. – Бино ҳам, тиббиёт ускуналари ҳам замон талабларига мос. Қолаверса, интернет ҳам бор. Бошқа тумандан келиб ишлаётган шифокорлар учун ҳам барча шароитлар яратилган. Айниқса, чекка бир қишлоқда аҳоли талаб қилаётган сифатли тиббий хизмат ҳозир шаҳардан кам эмас. Айни пайтда бир нафар врач, 9 нафар ўрта тиббиёт ходимлари билан 2200 нафар аҳолига хизмат кўрсатяпмиз.
- Ёшим 61 да, белимда грижа борлиги учун тез-тез даволаниб тураман, - дейди Жонбулоқ маҳалласи Мужғон қишлоғида яшовчи Пардагул Алимова. – Авваллари маҳалламиздаги тиббиёт пунктида даволаниш учун шароит йўқ эди ва 100 километр узоқликдаги туман марказий шифоханасига ёки шаҳарга боришга тўғри келарди. Қор-ёмғирли кунларда баъзида бунга имкон ҳам бўлмасди. Шукрки, ҳозир бундай шароит ўзимиз яшайдиган маҳаллада яратилди ва бундан жуда хурсандмиз. Мана, олти кундан буён шу ерда стационар даволаняпман.
Қўшработ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохона биноси таъмирланиб, тиббиёт пунктлари ва оилавий поликлиникалари янгича кўринишга келтирилаётгани ва замон талабларига мосланаётгани яхши албатта. Аммо бу билан аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириб бўлармикан?
- Йўқ, бу билан тиббий хизмат сифатини ошириб бўлмайди, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Улуғбек Шамсиев. – Замонавий тиббий ускуналардан тўғри фойдаланиш керак. Бунинг учун эса малакали мутахассислар зарур. Туманимизда олий маълумотли тиббиёт ходимларига эҳтиёж катта.
Бугунги кунда тиббиёт муассасаларимизда 129 нафар олий маълумотли шифокор меҳнат қилмоқда. Улардан 14 нафари 30 ёшгача, 32 нафари 31-45, 41 нафари 46-60 ёшгача ва пенсиядагилар 42 нафарни ташкил этади. Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шифо масканларида 699 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият юритмоқда. Уларнинг 46 нафари 0,5, 146 нафари эса 0,75, 415 нафари тўлиқ ва 18 нафари 1,25, 30 нафари эса 1,5 штат бирлигида ишлаб келмоқда.
Кўрсатилаётган эътибор, яратилаётган қулайликлар натижасида туманда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш яхшиланиб, туманлардан олий малакали врачлар келмоқда. Аммо асосий масала - тиббиёт бирлашмасига қарашли шифо масканларида 115 нафар олий маълумотли шифокор ўрни вакант турибди. Ҳозирда Самарқанд давлат тиббиёт университети битирувчиларини ишга жалб қилиш ва мақсадли ординатура орқали врачларга бўлган эҳтиёжни қоплашни режалаштиряпмиз.
Фазлиддин Рўзибоев.