Қўшработда энди техник каннабис ҳамда лаванда етиштирилади

Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма бешинчи сессиясида туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаевнинг ҳисоботида қайд этилган.

Ҳисоботга кўра, “HIGHBY GROUPS” МЧЖ Ўзбекистон-Корея қўшма корхонаси томонидан “Каннабис ўсимлиги етиштириш ва қайта ишлаш” лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган.

Мазкур қўшма корхона томонидан “Техник каннабис етиштириш ва қайта ишлаш” лойиҳаси учун ҳозирда 200 минг долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилган. Лойиҳа доирасида 7 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилиб, 60 та янги иш ўрни ташкил этилади.

Корхонага 976 гектар ер майдони ажратиб берилган. Ҳозирда ер текислаш ва асосий бошқарув офислари қурилиши бошланган.

Шунингдек, туманда кластер шаклидаги “ALIHAN ORGANIC AGRO LLC” МЧЖ хорижий корхонаси ташкил этилиб, 2 минг гектар ер майдони ажратилган.

Корхона томонидан жами 4,5 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция жалб қилиш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда лаванда гулини экиш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш ҳамда Европа мамлакатларига тўғридан-тўғри экспортини амалга ошириш белгиланган.

Хорижий корхона жорий йилда Болгария давлатидан қўшимча 2 миллион туп лаванда кўчати келтирилиб, экилмоқда. Бу ишларга 100 га яқин маҳаллий ёшлар жалб қилинган. Ҳозирга қадар 1,5 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилган.

Туман ҳокимининг қайд этишича, сўнгги икки йилда ҳудудда 17 та қўшма корхона ташкил этилган.