Қўшработда сабзининг нархи арзонлашади(ми?)

Бундан бир ойча олдин бозорларда сабзининг нархи 12 минг сўмгача кўтарилиб, ижтимоий тармоқларда шов-шувларга сабаб бўлганди. Ҳозир эса бу маҳсулот 5000-6000 сўмдан сотиляпти. Тез кунларда унинг нархи яна ҳам арзонлашиши мумкин.

Сабаби, Қўшработнинг лалми ер майдонларида ҳам сабзи етиштирилмоқда.

Тўғри, бу ерда етиштирилган ҳосил сабзининг республика бўйича мавжуд нархига таъсир қилмаслиги мумкин, аммо гап бир пайтлар ташландиқ бўлган тошлоқ ерда деҳқонличилик қилинаётганида.

Яъни, туманнинг Навкат маҳалласи ҳудудида, кейинги йилларда қурғоғчилик сабаб сувсизликдан қақраб ётган 10 гектар 20 сотихли лалми ер майдони “Қўшработ томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятига ажратиб берилди. Бу ерда артезиан қудуғи қазилиб, сув масаласига ечим топилди ва туман томорқачилари учун сабзавот маҳсулотлари ҳамда дуккакли экинлар уруғлари етиштирила бошланди. Шунингдек,  мевали дарахт кўчатлари кўпайтириляпти.

- Мавжуд ер майдонимизнинг катта қисмида сабзи етиштиряпмиз, - дейди жамият раҳбари Азамат Эсонов. – Қолган қисмига нўхат, кунгабоқар, картошка экилган. Шунингдек, 1 гектар майдонда боғ яратганмиз. Бу ерда ярим пакана олма навли кўчатлар кўпайтириляпти. 5 киши доимий иш билан таъминланган, 25 нафар мавсумий ишчимиз ҳам бор.

4 гектар ер майдонида етиштирилаётган сабзининг бир қисми келгуси йилга уруғлик учун қолдирилади. Қолган қисми эса бозорларга чиқариляпти.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов.