Қўшработнинг Урганжи маҳалласида “Инсон қадри учун!” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди
Икки кун олдин 16 ноябрдан юртимизда об-ҳаво кескин совуши, шамол ва ёғингарчилик бўлиши ҳақида хабарлар тарқалган бўлса-да, Урганжида ўтказилиши режалаштирилган хайрли тадбирлар бошқа кунга қолдирилмади.
Маҳаллада меҳмонларни кутиб олиш, кун давомида турли учрашувлар, кўргазмалар, маданий дастурлар ўтказиш учун тайёргарлик кўрилди.
Вилоятдаги мутасадди идоралар, ташкилот ва муассасалар вакиллари, Оқчобсой, Янги қишлоқ, Ўртасой, Жонбулоқ маҳаллалари аҳли эрта тонгдан Урганжида жам бўлди.
Дастлаб айни пайтда юртимизда давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Урганжи ва Оқчобсой маҳаллаларида жами 20 гектар қақраб ётган даштда "Ёшлар боғи" яратишга киришилди. Кенг жамоатчилик, маҳаллалар аҳолиси ушбу ҳудудларда мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазди.
Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ҳам бу жараёнда иштирок этди.
Шундан сўнг маҳалладаги 36-умумтаълим мактабида тумандаги таълим муассасаларининг кўргазмалари, таниқли шоир ва ёзувчилар иштирокида ижодий кеча, жаҳон ва Осиё чемпионлари бўлган спортчилар билан учрашув ўтказилди.
Элимиз ардоғидаги санъаткорларнинг концерт дастури, ҳарбий техникалар кўргазмаси намойиш этилди. Миллий халқ ўйинлари, спорт мусобақалари уюштирилди. Ҳудуддаги беш маҳалла аҳолиси вилоятдаги ихтисослашган тиббий марказлар шифокорлари ва малакали мутахассислар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Вилоят бандлик бош бошқармаси томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилиб, 130 дан ортиқ иш ўринлари таклиф этилди.
– Аввало, олис ҳудудда жойлашган бизнинг маҳалламизга бугун вилоят ташкилотлари раҳбарлари, фаоллар, пойтахтимиз ва Самарқанд шаҳридан ардоқли санъаткорлар, шоир ва ёзувчилар келганидан хурсандмиз, – дейди Урганжи маҳалла фуқаролар йиғини раиси Холбой Мардиев. – Кечадан буён ҳудудимиздаги маҳаллалар аҳолиси учун ўтказилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўрик, ёшлар бандлигини таъминлаш учун ерлар ўзлаштирилиб, боғ яратилиши, бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилиши “Инсон қадри учун” деган тамойилнинг амалий ифодаси бўлди, дейиш мумкин. Бунинг учун ташкилотчилардан миннатдормиз.
Тадбирлар доирасида вилоят ҳокими Э.Турдимов маҳаллалар ёшлари ва фаоллар, фуқаролар йиғинларида янгидан тайинланаётган ҳоким ёрдамчилари билан учрашиб, уларнинг таклиф ва муаммоларини эшитди. Ҳудуд аҳолиси турмуш даражасини ошириш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган ишларга тўхталди.
Ҳа, дарвоқе, Урганжида бугун кун давомида қуёшли об-ҳаво кузатилди ва эзгу ниятда ташкил этилган тадбирлар юксак савияда ўтказилди.
“Инсон қадри учун!” шиори остидаги тадбирлар Иштихон, Каттақўрғон ва бошқа туманлардаги олис қишлоқларда ҳам ўтказилиши режалаштирилган.