Қозоғистонда Конституцияни янгилаш эҳтиёжи

Келаётган якшанба, 15 март куни Қозоғистонда муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа - янги Конституция лойиҳасини қабул қилиш бўйича референдум ўтказилади. Асосий қонуннинг янги таҳрири жамият тараққиётининг асосий қадриятларини белгилайди ва давлатчиликнинг фундаментал тамойилларини мустаҳкамлайди.

Қозоғистон Республикасининг Самарқанд шаҳридаги Бош консули Талгат Шарипов бундай кенг кўламли конституциявий ўзгаришлар нима сабабдан зарурлиги ва таклиф этилаётган ўзгаришлар мамлакатнинг кейинги ривожига қандай таъсир қилиши ҳақида гапирди.

- Сиёсий модернизация ва Конституцияни ислоҳ қилиш қандай бошланди?

- Конституциявий ислоҳотнинг бошланғич нуқтаси давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Қозоғистонда бир палатали Парламент тузиш ташаббуси бўлди. Президент бу ғояни 2025 йил 8 сентябр куни мамлакат халқига йўллаган Мурожаатида илгари сурилганди. Бу сиёсий тизимни комплекс равишда қайта ишга тушириш Қозоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожига ижобий таъсир кўрсатиш мақсадида таклиф этилди. У мамлакатда «Кучли Президент — таъсирчан Парламент — ҳисобдор Ҳукумат» тамойили асосида бир палатали Парламент тузишни назарда тутганди.

2025 йил октябрь ойида парламент ислоҳоти бўйича ишчи гуруҳ тузилди. Унинг таркибига ҳуқуқшунослар, экспертлар, сиёсий партиялар фракциялари ва жамоат ташкилотлари вакиллари киритилди. Дастлаб Асосий қонуннинг тахминан 40 та моддасига ўзгартиш киритиш режалаштирилганди. Бироқ иш жараёнида ўзгаришлар сони анча кўп бўлиши ва сиёсий ҳамда ижтимоий ҳаётнинг бошқа жиҳатларига ҳам таъсир қилиши аёнлашди.

Шунинг учун, 2026 йил 21 январда Конституция комиссияси тузилди. Унинг таркибига Миллий қурултой аъзолари, ҳуқуқшунослар, марказий давлат органлари мансабдорлари, ОАВ раҳбарлари, маслаҳатлар раислари, ҳудудий жамоат кенгашлари вакиллари, эксперт ва илмий жамоатчиликдан иборат 130 нафар киши киритилди. Шу тариқа комиссия таркибига Қозоғистоннинг барча ижтимоий гуруҳлари ва ҳудудлари қамраб олинди.

Жараёнда комиссия аъзолари Асосий қонунга киритилаётган таклифларни батафсил кўриб чиқди. Улар Конституциянинг барча бўлимлари ва 77 та моддасини жамлади. Бу эса Конституция матнининг 84 фоизини ташкил қилади. Шу тариқа комиссия аъзолари янги Конституция тайёрлаш масаласини қўйди ва қўллаб-қувватлади.

Умуман, мамлакатнинг янги Асосий қонуни лойиҳаси фуқаролар, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари ва экспертлардан келган таклифларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, очиқ муҳокамалар ва янги меъёрларни батафсил ишлаб чиқиш натижасида тайёрланди.

- Нима учун айнан ҳозир Қозоғистон янги Конституция қабул қилиш масаласини муҳокама қилмоқда? Мамлакат олдида қандай чақириқлар турибди?

- Янги Конституция қабул қилиш зарурати бир нечта омиллар билан боғлиқ. Сўнгги йилларда жамият ижтимоий, технологик ва сиёсий жиҳатдан сезиларли даражада ўзгарди. Шунинг учун гап фақат айрим меъёрларни тузатиш ҳақида эмас, балки давлат Асосий қонунини янги замон реалликларига мослаштириш ҳақида кетмоқда.

Бундан ташқари, ташқи муҳит ҳам муҳим роль ўйнайди. Бугун мураккаб геосиёсий вазиятни кузатяпмиз: давлатлар ўртасидаги халқаро рақобат кучаймоқда, глобал иқтисодиёт ўзгармоқда, ноаниқлик даражаси ортиб боряпти. Бундай шароитда давлат институтларининг барқарорлигини мустаҳкамлаш ва сиёсий тизим барқарорлигини таъминлаш айниқса, муҳим.

Конституцияни янгилаш мамлакат ривожи учун замонавий ҳуқуқий асос яратишга қаратилган. У узоқ муддатли иқтисодий ўсиш учун шароит яратиши, давлат институтларини мустаҳкамлаши ва халқаро ҳамкорлар ишончини ошириши керак. Асосий қонунда белгиланган қоидалар қанчалик аниқ ва шаффоф бўлса, ишонч ҳам шунчалик юқори бўлади. Бу эса инвестиция муҳитини яхшилайди.

- Янги Конституция лойиҳасида қандай давлат модели назарда тутилган?

- Аввало, бу инсон, унинг ҳуқуқлари ва ривожланиш имкониятлари марказда турган замонавий давлат моделига ўтишни англатади. Янги Конституция лойиҳаси инсонпарварлик тамойилини акс эттиради, фуқаролар ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиради ва давлатнинг жамият олдидаги масъулиятини оширади.

Шу билан бирга, асосий қоидалар давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқий тизимни янги реалликларга, жумладан иқтисодиёт ва жамият ҳаётининг рақамли трансформациясига мослаштиришга қаратилган.

Таъкидлаш лозимки, янги Конституция лойиҳаси фақат айрим меъёрларни янгилаш эмас, балки комплекс модернизацияни назарда тутади. У давлат институционал шаклланишининг бошланғич босқичидан давлат ривожи босқичига ўтишни якунлашга қаратилган.

Янги Конституция суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва унитарлик тамойиллари конституциявий тузумни интеграция қилган ҳолда уни амалга ошириш механизмларини мустаҳкамлайди.

Ҳужжат мустақилликнинг декларатив тасдиғидан ваколатлар, процедуралар ва ваколат чегаралари аниқ белгиланган институционал суверенитетга ўтишни намойиш этади. Бу ёндашув консолидация босқичидан юқори сифатли институционал ривожланиш босқичига ўтган давлатлар конституцияларига хосдир.

Шунингдек, янги Конституцияда ҳукуматлар бўлиниши ва улар ўртасида мувозанат аниқ белгилаб қўйилган. Асосий қонун президент республикаси моделини сақлаб қолган ҳолда, Қурултойнинг (янги бир палатали Парламент) ролини кучайтиради. Масалан, Конституциявий суд судьялари, Марказий сайлов комиссияси ва Олий аудиторлик палатаси аъзолари Президент томонидан Қурултой розилиги билан тайинланади.

Бундан ташқари, институционал тўсиқларнинг олдини олиш ва давлат тизимининг узлуксиз ишлашини таъминлашга қаратилган тартиб-қоидалар жорий этилмоқда.

Янги Конституцияда Конституциявий суд мақомини кучайтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг замонавий тизимини жорий этиш, айрим юқори лавозимларга қайта тайинланишга чекловлар ўрнатиш каби нормалар ҳам назарда тутилган.

Ворислик механизми сифатида вице-президент институти жорий этилади. Президент ваколатлари муддатидан олдин тугаганда ваколатларни ўтказиш тартиби аниқ белгиланган. Вице-президент учун сиёсий бетарафлик талаби ҳам жорий этилган.

- Янги Конституцияда қандай қадриятлар ва ривожланиш йўналишлари белгиланган?

- Янги Конституцияда ҳужжатнинг асосий қадриятлари баён қилинган. Унда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат, жамоат розилиги ва имкониятлар тенглиги каби принциплар акс этган. Бу қоидалар мамлакат ривожининг стратегик йўналишини белгилаб, адолатли ва замонавий давлат қуриш учун ғоявий асос яратади.

- Янги Конституция лойиҳаси фуқаролар ҳуқуқлари учун қандай янги кафолатларни назарда тутади?

- Муҳим янгиликлардан бири - рақамли муҳитда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Илк бор конституциявий даражада шахсий маълумотлар, ёзишмалар ва банк маълумотларини ҳимоя қилиш таклиф этилмоқда.

Хусусан, 21-модда инсоннинг интернет ва виртуал муҳитдаги хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Бугун ҳаётимизнинг катта қисми рақамли маконда кечаётгани учун бу муҳим қадам ҳисобланади.

Шунингдек, илк бор адвокатура мақоми Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда ва суд жараёнида ҳимоя ҳамда айблов томонларининг тенглиги тамойили кучайтирилмоқда.

- Нима учун янги Конституцияни референдумга қўйиш муҳим?

- Республика референдумини ўтказиш принципиал аҳамиятга эга. Чунки янги Конституцияни қабул қилиш ҳақидаги якуний қарорни мамлакат фуқароларининг ўзи қабул қилади. Бу халқ иродасини бевосита ифода этувчи асосий механизм.

Бундай формат конституциявий ўзгаришларнинг легитимлигини оширади ва Асосий қонуннинг янги таҳрири жамиятнинг бевосита иштирокида қабул қилинаётганини кўрсатади.

Бундан ташқари, лойиҳада келгусида Конституцияга киритиладиган барча ўзгаришлар фақат умумхалқ референдуми орқали қабул қилиниши ҳақидаги янги қоида ҳам киритилган.

- Янги Конституцияни қабул қилиш Қозоғистон келажаги учун қандай аҳамиятга эга?

- Менимча, янги Конституцияни қабул қилиш Қозоғистоннинг кейинги ривожида муҳим босқич бўлади. У замонавий чақириқлар ва жамиятнинг ички эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда давлатнинг янгиланган ҳуқуқий асосини шакллантиради.

Ҳужжатда барқарор ривожланиш, давлат институтларини мустаҳкамлаш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тамойиллари акс этган. Якунда адолатли, барқарор ва жадал ривожланаётган Қозоғистонни барпо этиш учун мустаҳкам пойдевор яратилади.