Қозоғистонда севишганларнинг нечта қабри бор?

2018 йили қозоғистонлик бир гуруҳ археолог олимлар Қарағанда вилояти Шет туманидаги қадимги қабристондан топган топилмалар бутун дунёга машҳур бўлиб кетди.

Қизилтов қабристонида олиб борилган қазишмаларда йигит ва қизнинг битта қабрга юзма-юз жойлаштириб кўмилганлиги аниқланди. Улар ёнида топилган олтин ва бронзадан ясалган маиший ҳамда заргарлик буюмлари бронза даврига, аниқроғи эрамиздан аввалги II минг йилликка бориб тақалади. Қабрдаги севишганлар 16-17 ёшда бўлишган.

Қарағанда давлат университетининг бир гуруҳ ареологлари Сариарка чўлларида олиб борган навбатдаги қазишмалари чоғида 3 минг йил илгари бунёд этилган эҳром қолдиқларини топишди. Мазкур ер ости қабристонида 5 та йирик чилқўрғон борлиги аниқланди. Улардан бирида яна бир бахтсиз жуфтлик ҳам дафн қилинган экан. Уларни кўмганлар ўлимидан сўнг бирга бўлишига ишониб битта қабрга ёнма-ён дафн қилишган.

Тиниб-тинчимаган археологлар жорий йили яна бир қадимги қабрга дуч келишди. Бу ерда ҳам ёшлар юзма-юз ётқизилган ҳолатда кўмилган бўлиб келиннинг қўлларида иккита билагузук, пешонаси ва бўйнида ҳам бронза тақинчоқлари бўлган. Шунингдек, қабрда юлдузлар ва хоч ўйиб туширилган думалоқ шаклдаги бронза тахтачалар ва олтин тақинчоқлар топилди.

Биринчи қабрдаги йигит ва қиз - жангчи ва унинг рафиқаси бўлганлиги маълум бўлди. «The Sun» нашри «Бронза даврининг Ромео и Жульеттаси худди Шекспернинг асаридаги севишган ёшлардек, ўзаро оилавий келишмовчиликлар қурбони бўлишган», деб ёзмоқда. Дахмадан жанговар арава қўшилган икки отнинг ҳам суяк қолдиқлари топилганлиги жаҳон ҳамжамиятини қизиқтириб қўйди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ таржимаси.