Қримда қолиб кетган Украина қирувчи самолётлари тақдири нима бўлади?
2014 йилдан Қримда қолган Украина ҳаво кучларига тегишли бўлган МиГ-29 ҳарбий қирувчи самолётлари тақдирининг муаммоси бугун Россияда кун тартибига чиқди.
Шунингдек, яриморолдаги Белбек ҳарбий базанинг денгиз ҳудудида Украина Ҳарбий Денгиз флотига қарашли ўнлаб кемалар ҳам қолиб кетган.
Узоқ вақтдан бери фойдаланилмагани ва таъмирланмагани учун самолётлар аллақачон яроқсиз ҳолга келган бўлиши мумкинлиги айтилаяпти. Самолётлар 5 йилдан бери базада турибди ва Россия ҳарбийлари уларни фақат ёнғин хавфсизлиги учун қўриқлаб турибдилар холос. Севастополь шаҳридан Давлат Думасига сайланган депутат Беликнинг маълум қилишича, беш йилдан бери самолётлар металлари каррозияга учраб, мотор ва бошқа қисмлари ҳам аллақачон яроқсиз ҳолга келиб бўлган. Шунинг учун уларни таъмирлашдан кўра шунчаки металломга топшириб юбориш анча арзонга тушади. "Ҳатто улардан Россия ҳарбий самолётлари учун эҳтиёт қисм сифатида ҳам фойдаланиб бўлмайди" дейди Белик.
Қолаверса, Россия йилдан-йил ўз ҲҲК тегишли самолётлар паркини янгилаб бораётгани туфайли ўша эски самолётлар ҳарбий қурилма сифатида Россияга керак эмас.