Қурилишда тартиб бўлиши шарт
Аввал хабар берганимиздек, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Самарқанд шаҳрининг Рудакий кўчасида олиб борилаётган қурилишлар аҳволини кўздан кечирди.
Соҳа масъуллари, қурувчилар ва бошқа мутасаддилар иштирокида бу ерда қурилган кўп қаватли уйларнинг ҳолати, ноқонуний қурилишлар, қуриб топширилган ёки топширилмасдан одамлар кўчиб келиб яшаётган ҳолатлар ўрганилди. Айрим янги кўп қаватли уйлар фойдаланишга қабул қилинган, уларда тугалланмаган камчиликлар жуда кўп. Мисол учун, уйлар олдида болалар майдончаси, автотураргоҳ, йўлакларга асфальт ётқизиш, ўриндиқлар ўрнатиш, спорт майдончаси қуриш, тунги ёритгичлар, видео кузатув мосламалари ўрнатиш, атрофни ободонлаштириш қурувчиларнинг вазифаси ҳисобланади ва бу ишлар уларнинг лойиҳа-сметасига киритилган. Аммо аксариятида бу юмушлар бажарилмасдан қолган. Айрим уйларда лифт ишламайди, бошқасида эса анчадан буён одамлар истиқомат қилмоқда. Ваҳоланки, уй ҳали фойдаланишга қабул қилинмаган, уйларнинг орқа томонида эса ноқонуний бинолар қурилган.
Масалан, 187-уйнинг орқа томонида “уддабурон” кишилар ноқонуний қурилиш ишларини бошлаб юборишган. Уй атрофларини ободонлаштириш, йўлакларга бетон қопламаси ётқизиш ва асфальт қилиш ишлари бажарилмаган.
Уйларнинг аксариятияда лифт ишламайди, уйлар фойдаланишга қабул қилинмаган, ширкат тузилмаган, шу боис фуқароларга хизмат кўрсатиб бўлмайди. Рудакий кўчасидаги 75-уйда шароитлар билан танишганда шу ҳолга дуч келинди.
- Уйни фойдаланишга топшириш ҳужжати қилинмаган, 55 хонадонга мўлжалланган уйда уларга етарли автотураргоҳ режалаштирилмаган. Лифт ҳам ишламайди, одамлар юқори қаватларга чиқиб-тушишда зиналардан фойдаланмоқда. Атроф ободонлаштирилмаган, йўлаклар асфальт ва бетонлаштирилмаган, - деди вилоят ҳокими. – Ишни бажарган қурувчи албатта, даромад олсин, бой бўлсин. Лекин бировнинг норозилиги эвазига келган даромад татийдими? Қурувчининг виждонан бажармаган иши хонадон соҳибларига зарар келтирмаслиги керак. Уйлар олдидаги ноқонуний қурилишларни тезда бартараф этиш, бундай ҳоллар юз бермаслиги учун жойларда қонун ижроси ва жамоатчилик назоратини кучайтириш лозим.
Ислоҳот маҳалласида яшовчи Гулнора Абдуназарова турмуш ўртоғи ва қизи билан 4 сотихли ҳовлида яшаб келган. Бу ерда кўп қаватли уй қурилган. Аммо хонадон соҳиблари қурувчи билан келиша олмагач, уй бузилмасдан қолган ва ҳовлининг яқингинасидан 147-кўп қаватли уй барпо этилган.
Қурилиш жараёнида бу ёлғиз ҳовлида яшовчилар хавфсизлиги қандай таъминланган?
Вилоят ҳокими қурувчи ва тегишли мутасаддиларга қонун талабларига кўра, уй эгасининг розилиги билан уларга бошқа жойдан уй олиб бериш ёки бозор нархида уйнинг маблағини тўлаб бериш вазифасини топширди. Кўп қаватли уйларда белгиланган талаблар бажарилмасдан туриб, фойдаланишга қабул қилган архитектура, кадастр идораси, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва бошқа масъулларга бир ҳафтада кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш, ноқонуний қурилишларни бузиш, уйлар атрофини ободонлаштириш, йўлакларга бетон ва асфальт ётқизиш, лифтлар созлигини таъминлаш ва бошқа камчиликларни тузатиш вазифасини юклади.
Сайтимизни кузатиб боринг. Бу вазифаларнинг ижроси юзасидан Сизга хабар бериб борамиз.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.