Рағбат – шоир ва ёзувчиларни янада илҳомлантирди

Вилоят ҳокимлиги томонидан бир гуруҳ фахрий ижодкорлар рағбатлантирилди.

Шу муносабат билан вилоят Матбуот уйида ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Х.Очилов, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳ.Нормуродов ҳамда  “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири, сенатор Ф.Тошевлар сўзга чиқиб, жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи бадиий асарлари  билан нафақат Самарқанд балки республика адабий муҳитида муносиб ўрнига эга бўлиб келаётган ижодкорларнинг сафи йилдан-йилга ортиб бораётганини таъкидлади.

-  Бундай эътибор биз ижод аҳлини қўлимизга қалам олиб, янада илҳомланиб ижодий асарлар яратишга ундайди, - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Ҳосият Бобомуродова. – Айниқса, вилоят ҳокимининг бу ташаббуси, кўрсатаётган ғамхўрлиги тақсинга лойиқ. Самарқанд ижодий муҳитини янада ошираётган ёш шоирларимизнинг сафи кенгаяверсин. Биз уларга устозлик қилиб чарчамаймиз.

Тадбир давомида пандемия шароитида ҳам қизғин ижод қилиб келаётган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 21 нафар аъзосига вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо эсдалик совғалари, ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими томонидан китоблар топширилди.

Шунингдек, “Зарафшон” газетаси кутубхонасидан” туркумида чоп этилган “Зарафшон” зарварақлари” китобининг ҳам тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда газетанинг узоқ йиллик фаолияти давомида чоп этилган энг қайноқ, кишини ҳам ўйлантирадиган, ҳам ўртантирадиган, баъзан аччиқ, баъзан ширин кулдирадиган лавҳалар сараланиб, китоб ҳолига келтирилгани айтиб ўтилди.

Хусусан, “Зарафшон” газетаси таҳририятида ўз даврида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Садриддин Айний, Шароф Рашидов, кейинчалик Барот Бойқобилов, Нормурод Нарзуллаев, Оқилжон Ҳусанов, Аҳмаджон Мухторов, Асад Дилмурод каби эл ардоғидаги ижодкорлар фаолият юритгани таъкидланди. Бундан ташқари, Чустий, Ҳабибий, Комил Яшин, Ғафур Ғулом, Зулфияхоним мунтазам ижодий учрашувлар ўтказгани, китобда уларнинг ижод намуналари ёхуд улар билан боғлиқ лавҳалар ўзгача ташбеҳлар билан берилгани эътироф этилди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.