Ражаб Ўзтурк: Пандемиянинг 2021 йилда ҳам давом этиш эҳтимоли жуда катта

Коронавирусни даволашда ҳамкорлик учун юртимизга бир гуруҳ туркиялик мутахассислар таклиф этилган эди.

Ана шу меҳмонлардан бири - Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги илмий Кенгаши аъзоси, профессор Ражаб Ўзтурк юртимизда пандемияга қарши олиб борилаётган ишлар борасидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди:

– Ўзбекистондаги коронавирус касаллигига қарши кўрилаётган кураш тадбирлари билан яқиндан танишиб, ишлар жаҳон тажрибаси асосида олиб борилаётганига ишонч ҳосил қилдик, – деди Ражаб Ўзтурк. – Биз мамлакатингиздаги «Ўзэкспормарказ»да ҳам бўлиб, бу ерда беморларга кўрсатилаётган тезкор ёрдамга гувоҳ бўлдик. Бундай марказлар мамлакат бўйлаб очилиши ҳақидаги хабарлар бизни хурсанд қилди.

Жойларга бориб оилавий ва кўп тармоқли поликлиникалар, тез тиббий ёрдам хизматлари ишини кўрдик. Зангиота туманидаги замонавий, 4 минг беморни қабул қилишга мўлжалланган шифохона имкониятлари билан ҳам яқиндан танишдик. Бу турдаги шифохоналар юртингиз бўйлаб ташкил этилаётгани ҳақида бизга маълум қилишди. Бундай касалхоналарни қуриш ҳозир жуда ҳам муҳим. Сабаби, пандемия 2021 йилда ҳам давом этиш эҳтимоли жуда катта.

Эҳтимолий хатарлар, эпидемияларга қарши курашда бу айни муддао бўлади. Шифохоналарда COVID-19 билан касалланган беморлар учун махсус бўлинмаларнинг ташкил этилиши жуда яхши. Эътиборли жиҳати шуки, бу ерда COVID-19га чалинган одамлар тоифаларга ажратилган. Уларда бошқа шикоятлар ҳам бўлиши мумкин. Яъни, туғруқдан тортиб ошқозон-ичак касалликлари, юрак ва бошқа беморлар учун алоҳида жойлар қилингани бизга маъқул бўлди.

Таъкидлаш жоиз, Туркияда карантин чоралари ва даволаш стратегияси тўғри йўлга қўйилгани боис беморларнинг 91 фоизи тузалган. Айни вақтда бу ижобий кўрсаткич ҳисобланади.