Рақамлаштириш судьяга нима беради, фуқарога-чи?
Яқин бир ой ичида давлатимиз раҳбарининг суд ҳокимиятига оид иккита ҳужжати қабул қилинди. Бунда дастлаб суд идоралари тузилмасига оид ўзгартиришлар, янгиланишлар белгиланди. Навбатдаги ҳужжатда эса суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари белгиланди.
Табиий савол туғилади: бунда кимга, нима наф?
Биринчидан, суд мажлислари материалларини тартибли сақлашни таъминлайди, қоғозбозлик, ортиқча бюрократияга ўрин қолмайди. Негаки, суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш йўлга қўйилади. Судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган маълумотлар электрон шаклда юборилади.
Муҳими, судларга даъво, ариза ва шикоятларни ҳамда суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш мумкин бўлади.
Иккинчидан, ошкораликка йўл очади. Бу эса ҳар бир судянинг ҳукм ёки қарор чиқаришдаги, жавобгар, даъвогар ва гувоҳлар фикрини ҳисобга олишдаги масъулиятини оширади.
Хусусан, 2021 йил 1 январдан суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш йўлга қўйилишининг ўзиёқ бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Учинчидан, суд мажлис ҳужжатлари билан истаган киши, исталган пайтда танишишнинг ўзи кўраётган ишга ўхшаш ишларни ўрганишга, хулоса чиқариш имкониятига эга бўлади. Бу эса унга одилона ҳукм чиқариш масъулияти баробарида малакасини оширишда ёрдам беради.
Умуман, киритилаётган ўзгартишлар суд-ҳуқуқ масалаларида ошкора тизим яратилишига, аҳолига замон талаблари даржасида қулайликлар яратишга, пировардида ҳуқуқий ислоҳотлар самарасига ишонч ортишига хизмат қилади.
Абдуҳаким ОЛТИБОЕВ,
жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси.