Регистонга қайси куни кириш бепул?

Самарқанднинг бебаҳо дурдонаси саналган бу ансамбль нафақат юртимиз, балки бутун дунё сайёҳларини ўзига жалб этади. Бугунги кунда мажмуа тарихий мерос бўлиши билан бирга замонавий туризм маркази сифатида ҳам фаолият юритмоқда.
2001 йилдан буён ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган мажмуа халқаро майдонда ўзининг беқиёс тарихий ва меъморий қадриятлари билан алоҳида ўрин эгаллаб келмоқда.
Хусусан, 2024 йилда мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони 8,2 миллионга етгани қайд этилди. Уларнинг салмоқли қисми Самарқандга, хусусан Регистон майдонига йўл олди. Расмий маълумотларга кўра, сўнгги йилларда мажмуа йилига қарийб бир миллион сайёҳни қабул қилмоқда.
Дунёнинг нуфузли нашрлари — National Geographic, Lonely Planet ва ББC Регистонни Марказий Осиёдаги энг гўзал ва қадимий тарихий мажмуалардан бири сифатида таърифлаган. Бу эътирофлар мажмуага бўлган қизиқишни янада ошириб, халқаро туризм харитасида унинг нуфузини мустаҳкамлаган.
Бундан ташқари, 2023 йилда Самарқанд шаҳри “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти” деб эътироф этилди. Бу қарор нафақат бутун шаҳар, балки Регистон мажмуасининг халқаро миқёсдаги обрўсини ҳам сезиларли даражада оширди.
- Испания ва Италиядан ташриф буюрувчи сайёҳлар сони ўтган йилга нисбатан 60 фоизга ошди, - дейди Регистон ансамбли директори Ҳонқул Самаров. - Хитойдан ҳам туристлар оқими барқарор ўсиб бормоқда. Кузги мавсумда эса баҳорги даврга қараганда Индонезия ва Малайзиядан келган сайёҳлар сони анча кўпайди.
2025 йил ёзида Самарқанд делегациясининг Индонезияга ташрифи давомида “Умра+” лойиҳаси доирасида Туризм вазирлиги ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита билан келишувлар имзоланди, кенг тарғибот ишлари олиб борилди. Индонезиялик ва ўзбек актёрлари томонидан Ал-Бухорий зиёратига бағишланган спектакл ҳам ташкил қилинди. Натижада Малайзия ва Индонезиядан чартер рейслари орқали зиёрат туризми оқими ортди. Шу билан бирга, Россия ва Қозоғистондан ҳам сайёҳлар сонида ижобий ўсиш қайд этилмоқда.
Мажмуа раҳбарининг сўзларига кўра, мажмуада туристлар учун бир қатор қўшимча қулайликлар жорий этилган. Ҳар уч мадраса - Улуғбек, Шердор ва Тиллакорида тарихий экспозициялар ташкил қилинди. Бу ерда 15–17-асрларда мадрасаларда қандай таълим берилгани ва илмий фаолият юритилгани тўлиқ ёритиб берилади. Сайёҳлар ўша давр муҳитини ҳис этиши учун тирик манекенлардан фойдаланилади. Бундан ташқари, Чорсу галереясида ҳам алоҳида экспозиция ишга туширилган.
Бугун Регистон ансамблида 12 нафар малакали гид-экскурсовод фаолият юритмоқда. Мажмуа 12 тилда аудио-гид хизматини йўлга қўйган. Одам кўплиги сабабли экскурсия пайтида шовқин юзага келмаслиги учун сайёҳларга қулоқчин тарқатилади, гид эса фақат ўз гуруҳига эшитиладиган микрофон орқали маълумот беради. Имконияти чекланган меҳмонлар учун эса давлат стандартларига мос пандуслар ўрнатилган.
-Мажмуага бир кунда ўртача 3 500-4 000 нафар меҳмон ташриф буюради, - дейди Ҳонқул Самаров. - Кириш нархлари хорижий туристлар учун 100 минг сўм, Ўзбекистон фуқаролари учун 15 минг сўм, мактаб ўқувчилари учун эса 10 минг сўм этиб белгиланган. Ижтимоий ташаббус сифатида ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари ўзбекистонлик фуқаролар учун кириш бепул қилиб қўйилди.
Сайёҳларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида мажмуада қўшимча тадбирлар ҳам ташкил этилмоқда. Ҳар куни соат 20:00 дан 21:00 гача ранг-баранг ёруғлик эффектлари билан Самарқанд тароналарини мужассам этган шоу намойиш этилади. Шундан сўнг 21:00 дан 21:30 гача замонавий 3D-шоу ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола қилинади.
Муҳаммаддиёр Наринов.