"Роспотребнадзор" Россиядаги ОИТВ га чалинганлар ҳақида умумий маълумот берди

Россияда бугун расмий рўйхатга олинган ОИТВ юқтирганлар миллион нафарга етган. Норасмий равишда эса мамлакатда 1.5-2 миллион ОИТВ юқтирган кишилар бор.

25 фоизга яқин россиялик ОИТВ юқтирган беморлар ўзининг касаллиги ҳақида билмайди.

Бу ҳақда "Роспотребнадзор" матбуот хизмати 8 май куни маълум қилди.

ОИТВ билан касалланган беморларнинг 40 фоизи бюджет маблағлари томонидан қопланадиган бепул терапия курсини олмайди.

Бу эса ОИТВнинг янада кенгроқ тарқалишига сабаб бўлмоқда", дейилади хабарда.

Бугунги кунгача дунёда 35 миллион киши ОИТВ юқтириши оқибатида ҳалок бўлган.

БМТнинг айни шу масаладаги ҳисоботида келтирилишича, бугун дунёда рўйхатга олинган ОИТВ юқтирганлар сони 37 миллион киши атрофида. Мутахассисларнинг фикрича, ҳали ўзини касаллигини билмай ёки турли сабабларга кўра касаллигини яшириб юрганлар сони бундан бир неча баробар кўп.

Россия ушбу инфекция актив тарқалаётган ҳудудлар сирасига киради.

"Умуман олганда кўпчилик россияликларнинг ОИТВ қандай тарқалиши ҳақида аниқ тушунчаси йўқ. Россияликларнинг 11 фоизи бу вирус овқатланиш ва идишлар орқали юқиши мумкин деб ўйлайди. Ҳар олти россияликдан бири эса бу вирус чивин чақиши орқали ҳам юқади деб ўйлайди. Шунинг учун ҳам биз call-марказлари ташкил этганмиз ва фуқаролар 24 соат мобайнида ОИТВ ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишлари мумкин", дейилади "Роспотребнадзор" хабарида.