Россия ҳаво базаларига ҳужум: Киев Россиянинг Сибиргача бўлган объектларига ҳужум қилиши мумкинлиги айтилмоқда

Қўшма Штатлар Украинанинг ўз чегараларидан ташқаридаги зарбаларини рағбатлантирмайди

Олдинда турган кескин совуқ арафасида яқинда Киевнинг энергетика объектларига ёпирилган зарбалардан сўнг электр таъминоти тикланмоқда.

Украина расмийлари Россия ракеталарининг аксариятини тўхтатгани ҳақида маълум қилганига қарамай, уларнинг баъзилари ўз манзилига етиб борган.

Муҳим инфратузилмага бир неча ойлик ҳужумлардан сўнг мамлакат электр тармоқларининг деярли ярми вайрон бўлган ёки шикастланган ва оқибатда ҳарорат тушганда одамлар соатлаб совуқ ва қоронғуликда қолган.

Айни пайтда мамлакат бўйлаб отишмалар давом этмоқда.

Бу орада ижтимоий тармоқларда Курск вилоятидаги ҳарбий аэродромдаги нефть омборига учувчисиз аппарат ҳужуми ортидан содир бўлган ёнғин оқибатлари акс этган видео эълон қилинди. Ёнғинни ўчиришга 200 дан ортиқ киши ва 50 га яқин техника, ўт ўчириш поездлари жалб қилинган.

Ундан сўнг эса Саратов ва Рязань вилоятларидаги иккита авиабаза ўққа тутилгани маълум бўлди, бунинг учун Москва Киевни айблади.

Воқеага муносабат билдирган Вашингтон Украинани ўз чегараларидан ташқарида зарба беришига қаршилигини айтди.

"Биз Украинани Россия ҳудудида қўллаши учун қурол-яроғ билан таъминлаганимиз йўқ. Бу мудофаа таъминоти эканлигини аниқ айтдик" дея қайд этган АҚШ вакили.

Ҳарбий ҳаво базаларига ҳужум Владимир Путин ва Хавфсизлик кенгаши аъзолари ўртасидаги учрашувда ҳам муҳокама қилинган.

Reuters маълумотига кўра, бу Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришидан буён мамлакат территориясига қараб энг узоқ масофага учган ракета бўлди.

Расмий Киев эса Россия объектларига, шу жумладан Сибирга янги ҳужумлар уюштиришини маълум қилмоқда. Бу ҳақда 7 декабрь куни The Financial Times газетаси Украина расмийлари орасида мудофаа масалалари бўйича маслаҳатчилардан бирига таяниб хабар берди.

"Бизда масофа бўйича ҳеч қандай чекловлар йўқ ва тез орада биз Россия ҳудудида, шу жумладан Сибирда ҳам исталган нишонларга ета оламиз", - дея унинг сўзларини келтиради нашр.

Бундан ташқари, материалда Украина Қуролли Кучлари учун дронлар яратишда иштирок этган деб тахмин қилинган украиналик муҳандиснинг сўзлари келтирилган. Унинг сўзларига кўра, Россия аэродромларига сўнгги ҳужумлар учун фойдаланилган дронлар деярли товуш тезлигида уча олади.