Россия пластик идишлардан воз кечмоқчи
Россия Табиатни муҳофаза қилиш вазирлиги мамлакатда бир марта ишлатиладиган пластик идишлар савдосини чеклаш ҳақидаги қарор лойиҳасини тайёрламоқда ва у тасдиқдан ўтса, 2020 йилдан Россияда бир марта ишлатиладиган пластик идишларни сотиш тақиқланади.
Бу ҳақда Табиатни муҳофаза қилиш вазири Дмитрий Кобилкинга таяниб, РИА Новости хабар бераяпти.
"Россия табиатни муҳофаза қилиш вазирлиги дунё мамлакатларининг табиатни асраш йўлидаги ҳар бир хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ва табиатни асраш йўлидаги ҳар қандай фойдали лойиҳаларни Россияда ҳам тадбиқ қилишга ҳаракат қилади. Умид қиламан кўпгина савдо ва хизмат кўрсатиш марказлари бизнинг бир марталик пластик идишлардан воз кечиш қароримизни қўллаб-қувватлайди", дейди вазир Д.Кобилкин.
Аввалроқ Европа Иттифоқи 2021 йилдан бир марта ишлатиладиган пластик идишлардан воз кечиши ҳақида маълум қилган эди.
Жорий йил март ойида Россия бош вазири Д.Медведев ҳам имконияти бўлиши билан Россияда бир марта ишлатиладиган пластик идишларни сотишни тақиқлаш ҳақидаги қонун кечиктирилмасдан қабул қилинишини маълум қилган эди.